Мактабгача таълими вазирлиги тизимида 48,3 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда ҳисоб палатаси хабар қилди.
Маълум бўлишича, вазирлик тизимида 2018, 2019 ва 2020 йиллар давомида бюджет ва бюджет ташқари пулларидан фойдаланиш юзасидан Ички аудит ва молиявий назорат хизмати билан ҳамкорликда ўрганиш олиб борилган. Унинг натижасига кўра вазирлик тизимида жами 48,3 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлган. Тизимда қуйидаги ҳолатлар кузатилган:
- тизимдаги ходимларнинг ойлиги учун ажратилган 7,2 млрд. сўм айрим мансабдорлар томонидан йўл қўйилган ноқонуний ўзлаштириш, ортиқча тўловлар ва ўғирлик натижасида талон-тарож қилинган;
- сохта таомнома ташкил этилиб, сотиб олинмаган озиқ-овқатлари учун 3,6 млрд.сўм пул ишлатилган;
- тарбияланувчиларга сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз 2,2 млрд.сўмлик сарёғ ва ветеринария назоратидан ўтказилмаган 10,1 млрд.сўмлик 309,4 тонна гўшт олинган;
- боғчалардаги болалар сонини яшириш, уларга тўланган пулларни кассага кирим қилмаслик орқали 497,7 млн.сўм маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган;
- қонун талабларига зид равишда 253 та ҳолатда 11,3 млрд.сўмлик шартномалар тузилган.
- қиммат нархларда, стандартларга жавоб бермайдиган 8,8 млрд.сўмлик товар-моддий бойликлар харид қилинган;
Палатанинг маълум қилишича, ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун йўналиш ва таклифлар ишлаб чиқилган.