Амалий семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов иштирок этди ва Президентимизнинг парламентга ҳамда халққа йўллаган Мурожаатномасида айтилганидек, ерлардан, хусусан аҳоли томорқаларидан олинаётган даромадни ошириш, ўзини-ўзи иш билан банд этиш ҳамда интенсив боғ ва узумзорларни кўпайтириш аҳоли фаровонлигининг таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида фикр юритди. Китоб туманида малиначиликни ривожлантириб, камбағалликни қисқартириш, “Темир дафтар”да қайд этилган фуқаролар даромадини ошириш, ички бозорни шу турдаги маҳсулот билан тўкин қилиш учун катта имконият мавжуд. Бу борада биз аҳолига арзон нархда кўчат етказиб берамиз, артезиан қудуғи қуриш учун субседия, иссиқхона барпо этиш, чорва моллари учун омухта ем ишлаб чиқариш, паррандачиликни йўлга қўйиш учун имтиёли нархларда кредит маблағлари ажратамиз. Энг муҳими, аҳоли ўртасида томорқачилик маданиятини юксалтириш ва уларнинг ҳар қарич ердан унумли фойдаланишига эришсак, албатта, кўзлаган ниятимизга етамиз.
Амалий семинарда “Варганза Боғишамол” томорқа хизмати масъулияти чекланган жамиятининг 1 гектарлик ўқув-тажриба майдонида водийдан келган фермерлар томонидан аҳолига малина кўчатларини экиш технологияси бўйича маҳорат дарслари ташкил этишди. Шунингдек, водийлик ишбилармонлар томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналаридан фойдаланиш бўйича ҳам тажриба алмашишди.
Жорий йилда Китоб тумани аҳоли томорқаларида тажриба сифатида 10 гектар малина кўчати етиштириш мўлжалланмоқда.
O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати