Сурхондарё вилоятидаги Бандихон тумани тугатилиб, қўшни туманларга қўшилган эди. Бу вақт оралиғида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади.
Шу боис, 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан туман қайта тикланиб, 2020-2022 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда туманда ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш, янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган бўлиб, бугун ана шундай лойиҳалардан бири амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП матбуот хизмати хабар қилди.
Туманнинг “Бектепа” маҳалласидаги “BEST GARDEN” томорқа хизмати МЧЖ сабзавотчилик кластери томат пастаси ишлаб чиқара бошлади.
Корхонанинг очилиш маросими муносабати билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу корхонанинг қурилиш лойиҳаси 5 млрд 252 млн сўмни ташкил этади. Бу ерда томат пастаси ишлаб чиқаришдан ташқари, 4 гектар майдонда иссиқхона қуриш, 300 тонна сиғимга эга бўлган совутгичли омборхона, 300 тонна сиғимли юк сақлаш омборхонаси, агро мактаб, агро маркет ва агро клиника шахобчаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Эътиборга молик томони, бугун корхонада 15 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Ҳозир лойиҳанинг 2-босқичини амалга ошириш бўйича ишлар бошланган бўлиб, бунинг натижасида яна қўшимча иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Тадбирда сўз олган А.Ҳаитов мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгани, мазкур корхона ушбу сиёсатнинг яққол намунаси эканлиги, бу каби лойиҳаларни ишга тушиши ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилишини билдирди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади, – деди А.Ҳаитов. – Бу борада партиямиз томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, иш ўринлари заҳирасини яратиш, аҳоли, энг аввало, ёшларни ишга жойлаштиришда янги самарали усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ушбу корхонанинг иш бошлаши эса туман аҳолиси учун қувончли воқеа бўлди.
Тадбир иштирокчилари корхонада яратилган шароитлар билан танишар экан, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларнинг сифатини кўздан кечирди. Ишчи-ходимлар билан суҳбат қилиб, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.