Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида шифокорларга тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар қилди.
Филиалнинг шошилинч болалар бўлимига жорий йил 8 июль куни 2015 йилда туғилган, бемор М.С. “Ўткир респиратор касаллик. Гипертермик синдром” ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилган. 10 июль куни беморда безовталик, кўнгил айниб қайт қилиш кузатилган. Врач-педиатрН.Эсанова томонидан бемор зудлик билан болалар реанимация бўлимига олиб чиқилиб, реанимацион муолажалар кўрсатилган. Шунга қарамасдан соат 12:10 да беморда биологик ўлим кузатилган.
Бу ҳақда ота-онасига хабар берилгач, соат 14:30 лар атрофида боланинг отаси пичоқ билан филиалнинг болалар реанимацияси шифокори А.Р.
ва вилоят болалар қўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар реанимацияси шифокори А.Б.га қасддан жароҳат етказган. Врач А.Р.гатиббий ёрдам кўрсатилиб, жароҳатига чоклар қўйилган. Врач А.Б.нинг бош қисми санчилиб кесилган жароҳатига чоклар қўйилиб, госпитализация қилинган.
Воқеа тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган бўлиб, бугунги кунда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, деийлади хабарда.
Маълумотларга кўра, биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 50 дан ортиқ тиббиёт ходимларига бемор ва унинг қариндошлари томонидан ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.