Хизмат вазифаси билан ҳаракатда бўлган тез ёрдам машинаси пиёдани уриб юборди ва унга ёрдам кўрсатилиши мақсадида тез ёрдам чақиртирилди. Бу ҳақда 7news.uz хабар қилди.
Маълум бўлишича, автоҳалокат ортидан Аҳмед Аҳмедовга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 266-моддасининг 1-қисми тартибида жиноят иши қўзғатилган.
Аҳмед Аҳмедов “Дамас” русумли, давлат рақам белгиси 01 306 ХЕА бўлган автомашинасини Тошкент шаҳар, Сирғали тумани ҳудудида жойлашган Қипчоқ кўчаси томондан, Янги Сирғали кўчаси томонга бошқариб келиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 1,3-қисми талабларига риоя қилмай ҳаракатланиши натижасида 102-уйнинг қаршисида пиёда Адамбаева Робия Азамад қизини уриб юбориб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.
Суд-автотехника экспертизасининг 2019 йил 28 январь кунги 194-сонли хулосасига кўра, мазкур ЙТҲ шароитида “Дамас” русумли, давлат рақам белгиси 01 306 ХЕА бўлган автомашина ҳайдовчиси А.Аҳмедов автомобилни ўз вақтида тормоз бериш йўли билан ҳодисанинг олдини олиб қолиш учун техник имкониятга эга бўлганлиги аниқланган.
Судда кўрилган ушбу жиноят иши ортидан Аҳмедов Аҳмедга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасининг 1-қисми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 2 (икки) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Манбанинг хабарида уриб юборилган пиёданинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.