Бугун, 12 июл куни соат 11:49да, Сергели тумани, 8-сонли қурилиш участкасида автокран ёнган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 12:00да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 12:34 ўчирилган. Ёнғин жойига 2 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.
Ёнғин автокран ўқини (стрела) юқори кучланишдаги электр симларга тегиши оқибатида содир бўлган, деб таҳмин этилмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Электр жароҳати оқибатида автокран хайдовчиси вафот этган, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объект раҳбар ҳамда ходимларини, шунингдек фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолган.