Сурхондарёда жуссаси кичик ва бўйни қийшиқ бўлган танишининг устидан кулиб, урган йигитнинг ўзи пичоқланди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Воқеа шу йилнинг 11 май санасида Денов туманида содир бўлган. 19 ёшли Ў.О. ўзининг икки нафар таниши билан кўчада кетаётганда жуссаси кичик, ёшлигидан бўйни қийшиқ тарзда улғайган 23 ёшли таниши Ф.М.ни кўриб қолади. Шунда Ў.О. Ф.М.нинг устидан кулиб, уни мазах қилиб, ҳақоратлаб, уриб, ерга йиқитиб судраган вақтида танишлари томонидан ажратиб олинади. Лекин Ў.О. тинчланавермайди ва яна Ф.М.ни уради ва йиқитиб тепмоқчи бўлган вақтда Ф.М. унга кучи етмаслигини билиб, ёнидаги канцелярия пичоғи билан Ў.О.нинг орқа чап томон кўкрак қафасига уч маротаба тан жароҳати етказади.
Шундан сўнг Ў.О. шифохонага мурожаат қилади.
Департаментнинг хабар қилишича, ушбу ҳолат бўйича ЖКнинг 107-моддаси (Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.