Новоийда коронавирусга қарши курашиш учун ажратилган миллионлаб пуллар талон-тарож қилинди. Бу ҳақда соф.уз хабар қилди.
Маълум бўлишича, вилоятда Молия вазирлигининг Навоий вилоятидаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган пул маблағларини мақсадли сарфланиши ўрганилганда, миллионлаб пул растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган.
Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари ва бошқалар тил бириктириб, иккита корхонадан дезинфекция воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини қиммат нархда сотиб олиб, 222,3 млн сўмни талон-тарож қилган. Маълум қилинишича, жамғармага 5 млрд сўм ажратилган бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан юқорида қайд этилган мансабдорлар ҳамда иккита корхона раҳбарларига жиноий иш қўзғатилган.
Аввалроқ вилоятда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ ҳолат ёмон эканлиги, у ерда касаллик тарқалишидаги асосий ўчоқлар аниқлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, ушбу ҳудудга пойтахтдан малакали шифокорлар юборилган. ССВнинг 29 май куни соат 23:00 да тарқатган маълумотига кўра Навоийда 119 нафар бемор аниқланган, уларнинг 12 нафари соғайган.