Музработлик эркак шерободлик чўпондан синглисини рашк қилиб, жиноятга қўл урди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 23 июнь куни кеч соат 23:30 ларда шероботлик чўпон Музработ туманида 460 бош қўйларни боқиб бўлиб, дам олаётганда унинг ёнига бир эркак ва унинг уч нафар шериги келиб "телеграмда синглим билан гаплашма" деган оҳангда чўпон билан жанжаллашиб, унга ўртача оғирликда жароҳат етказади. Шундан сўнг бир гуруҳ эркаклар чўпоннинг Нокиа-1200 телефонини текшириш мақсадида (ушбу моделдаги телефонга телеграм дастури ўрнатилмайди - таҳр.) олиб қўяди. Бу вақтда эса чўпон қочиб кетади. Синглисини рашк қилиб келган эркак чўпон қайтиб келсин деб унинг бир бош қўйини ҳам олиб кетади. Лекин чўпон қайтиб келмайди.
ИИБ маълум қилишича, эртаси куни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари зўравонлардан телефон ва қўйни ашёвий далил сифатида олиб қўйишган. Ҳозирда синглисининг ёнини олиб келган эркак ва унинг шерикларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.