Булоқбошида минг доллар қарзини беролмаган эркак 4 киши томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 20 июль куни соат 23:00 да Андижоннинг Булоқбоши туманида ушбу ҳодиса содир бўлган. 28 ёшли йигит ўзидан 1000 доллар қарз олган 43 ёшли қўшннисинг олдига бориб, пулини беришни талаб қилади. Шунда улар ўртасида жанжал чиқади. Ўша вақтда 28 ёшли йигит билан бирга келган 21 ёшли таниши ҳамда 25 ва 17 ёшли укалари ҳам жанжалга аралашиб, қарз олган эркакни ўша ердаги таёқ билан уриб, ўлдириб қўяди.
Шундан сўнг воқеа жойига ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари келиб, вазиятни ўрганишган ва ўша ердан таёқ ашёвий далил сифатида олинган. Ҳолат юзасидан уч нафар йигит ушланган. 17 ёшли вояга етмаган шахснинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилаётгани айтилмоқда. Ҳодиса бўйича ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.