Андижонда бир гуруҳ ёшлар иштирокидаги катта безориликнинг олди олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, Хонобод шаҳрида 36 ёшли эркак ўзининг 16 ёшли ўғли билан бир нечта тенгдошлари урушмоқчи эканлигидан хабар топиб қолган. Шундан сўнг эркак ўғли ва у билан урушмоқчи бўлган тенгдошларини бир жойга тўпдаб, улар орасидан икки нафарини танлаб олиб, ўғли билан бирга-бир уруштиришга қарор қилади. Эркакнинг ўғли урушаётган вақтда уларнинг жанжалига яна бошқа болалар ҳам аралашиб кетади ва шу вақт 36 ёшли эркак ушбу можарога аралашиб, ўғлининг 3 нафар тенгдошини уриб, жароҳат етказган.
Шундан сўнг икки нафар жанжал иштирокчилари ота ва ўғил билан урушни давом эттириш мақсадида 14 нафар тенгдошларини чақириб, уларни маълум манзилда кутиб турган вақтда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан ушланади.
Хабар қилинишича, кейинчалик ҳодиса юзасидан безорилик жинояти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, икки нафар 16 ёшли бола ва улар чақирган 14 нафар вояга етмаган ёшларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.