Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг собиқ раиси Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинган. Бу маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га тасдиқлади.
«Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинди. Ҳозир тергов олиб борилмоқда. Тергов сири нуқтаи назаридан бошқа маълумот берилиши мақсадга мувофиқ эмас», дея маълумот берган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.
Ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қўриқлаш хизматига раҳбарлик қилган Муиджон Тоҳирий 2016 йилнинг декабрида Зоҳид Дусанов ўрнига Давлат қўмитасига раҳбар этиб тайинланганди. У 2018 йилнинг февралида қўмита раислигини ҳам тарк этганди.
Муиджон Тоҳирий турли йилларда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида масъул лавозимларда ишлаган. 2010 йил сентябрдан 2011 йил июнгача Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси бўлган, 2013 йилда Президент хавфсизлиги хизматини ҳам бошқарган.