Аввалроқ сайтимизда пойтахт ИИББнинг ахборотига таяниб Тошкент шаҳри Сергели туманида аёллар иштирокида “самосуд” бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон24 телеканалида воқеанинг янги тафсилотлари эълон қилинди.
Маълум бўлишича, воқеа 7 августда эмас, балки 31 июлда содир бўлган. Шунингдек, дастлабки хабарда аёлнинг қийноққа солинишига зўравон аёлларнинг бирининг ўғлини сеҳрлаб ром қилгани сабаб қилиб кўрсатилган эди. Лекин бунга битта у ҳолат эмас. Балки ижара пули муаммосидан тортиб, вояга етмаган болага нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилиш, шунингдек, бир аёлнинг эрини йўлдан уриш каби айблар билан аёл “самосуд” қилингани айтилмоқда.
Телеканал видеолавҳасида шунингдек, қийноққа солинган аёл хатто зўравонларнинг бирининг оёғини ялашга мажбур қилингани, бўйнига арқон солиниб қийналганини ҳам кўриш мумкин. Шу билан бирга воқеа содир бўлган жойда сабабчилардан бири, эркак ҳам бўлгани айтилмоқда. Ҳозирда ҳолат иштирокчиларнинг барчаси қамоққа олинган. Уларга нисбатан терговда тўпланган ҳужжатларга асосланиб, ЖКнинг 277-моддаси (безорилик), 140-моддаси (ҳақорат қилиш), 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ҳамда 110-моддаси (қийнаш) билан айблов эълон қилинган.
Аёллар ҳозирда қилган ишларидан мингдан минг пушаймон эканликларини айтиб, тиз чўкиб кечирим сўрашга ҳам рози эканликларини билдирган.