Хўжаобод туманида қизини доимий калтаклаб келган ва унинг ўлимига сабабчи бўлган онага суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, 25 ёшли она шу йил 21 апрелдан 29 апрелгача қизининг турли жойларига уриб, мунтазам калтаклаб келган. Ҳолат юзасидан вилоят судида бўлиб ўтган суд жараёнида она айбига қисман иқрор бўлган. Унинг айтишича, қиз ва она 21 апрелдан танишининг уйида яшай бошлаган. У ерда яшаш вақтида қизи истаган жойига ҳожат чиқараверган ва бундан жаҳли чиққан она қизини урган. Онанинг айтишича, у ва қизи 28 апрелда танишининг уйидан чиқиб кетган. 29 апрелда она қизини қўлида кўтакрган ҳолда кўча айланиб юрганда хушидан кетиб, йиқилиб қолган. Кейинчалик она ўзига келганда қизи ҳам хушсиз ётган бўлган ва уни шифохонага олиб борган. 4 ёшли қиз 6 майгача ўша ерда бўлган ва ўзига келмасдан вафот этган.
Суд онани ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш) билан айбли деб топган ва унга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Лекин 25 ёшли она ҳомиладор бўлганлиги сабабли тайинланган жазо тегишли моддага кўра бир йилга кечиктирилган.