Андижонда жинсий алоқа таклиф қилган эркакни пичоқлаган аёл қамалди. Бу ҳақда Дарё’га Андижон вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов маълум қилди.
Хабар қилинишича, ҳодиса 2019 йил 18 ноябрь куни содир бўлган. Маълум бўлишича, 41 ёшли аёл 2018 йилда қамоқдан чиққач, Андижон шаҳридаги танишиникида яшаб келган. Ўша куни уларнинг уйига шаҳарда исириқ тутатиб, тирикчилик қилиб юрувчи эркак келиб, биргалашиб спиртли ичимлик ичишган. Шунда келган меҳмон 41 ёшли аёлга жинсий алоқа таклиф қилган. Аёл рад этаверганига қарамай эркак ушбу таклифни бераверган. Бундан жаҳли чиққан аёл пичоқни олиб эркакнинг қорнига тиқиб олган.
Ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда жабрланувчи иштирок этган ва ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган. Суд қарорига кўра шу вақтгача уч марта судланган аёлга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, аёл хавфли рецидивист деб топилган ва энди у жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.