Ҳаётда ҳар бир инсон ҳалол меҳнат қилиб, умргузаронлик қилиши лозим. Лекин, айрим кимсалар фирибгарлик йўлини танлаб, ўзгаларнинг пул маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилишлари ҳам айни ҳақиқат.
Хусусан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, маҳаллий фуқародан 3000 АҚШ доллари сўрайди ва аванс сифатида 1,5 минг доллар олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Энди Сирдарё вилоятида аниқланган фирибгарлик ҳолатига эътиборингизни қаратамиз. Боёвут туманида истиқомат қилувчи, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган 18 ёшли фуқаро Гулистон шаҳрида яшовчи ўзининг 17 ёшли жиноий шериги билан бирга, алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, уни Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида жойлашган М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 2000 АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Шунингдек, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати водий вилоятларида ҳам кузатилди.
Жумладан, Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи, 1997 й.т. шахс Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтихонларсиз ўқишга киритиб қўйиш эвазига, ундан 1350 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Буни қарангки, фаррошликка ишга жойлаш учун хам пора олиш мумкин экан. Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходими 1200 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдам беришини айтиб, дастлаб ундан 400 АҚШ доллари олади. Орадан бир оз муддат ўтиб эса қолган 800 долларни олаётган вақтида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Республикамиз пахта далаларида терим мавсуми авжига чиққан айни кунларда бу йўналиш ҳам фирибгарларнинг эътиборидан четда қолмади.
Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал туманида икки марта судланган фуқаро маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг раҳбаридан жорий пахта йиғим теримига хўжалик номидан ўзи ёлланма ишчиларни топиб, жўнатиб беришни айтиб, бунинг учун 6 млн. сўм талаб килади. Агарда ушбу пулни бермаса хокимиятда ишлайдиган танишлари орқали мазкур фермер хўжалиги ерларини олдириб қўйиш билан ҳам таҳдид қилади. Айтилган пулдан 5 млн. сўмни олаётган вақтда ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.