Тармоқларда Олмалиқ ҳокимининг ўғли билан боғлиқ яна бир можароли видео тарқалди. Видеони журналист Никита Макаренко эълон қилди.
Видеода ҳокимнинг ўғли Дилшод Исмоилов ва унинг дўстлари жанжаллашганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, ёшларнинг қўлида қурол борлигини (ҳокимнинг ўғли йўл-йўл футболкада) ҳам кўриш мумкин.
Журналистнинг маълумот беришича, унга видеони фуқаролардан бири юборган. Фуқаро Исмоилов ва унинг дўстлари унга ҳамда 56 ёшли отасига ҳужум қилганини айтган. Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда ЖКнинг 277 моддаси (Безорилик) билан жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмалиқ ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов юқори тезликда автомобиль бошқаргани акс этган видео тарқалган эди. Кейинроқ, Рахимов ўғли билан гаплашиб олганини ва барча жарималарни тўлаганини айтган эди.