Тошкент вилояти Қибрай туманида бундан 3 йил олдин содир этилган жиноят фош этилди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 24 май куни соат 13:00да Қибрайда яшовчи 35 ёшли аёл кўчада 28 ёшли танишини кўриб қолиб, уни уйига таклиф қилган. Сўнгра улар бирга тамади қилиб бўлгач йигит аёлга болға билан ҳужум қилиб, ҳушидан кетган аёлни ювиниш хонасида қолдирган. Бу орада, йигит аёлнинг уйида бўлган 400 долларлик ноутбук, 100.000 сўмлик уяли телефон ва 300 долларлик планшетини олиб, воқеа жойидан яширинган.
Дастлаб ҳодиса юзасидан ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Лекин йигитнинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмагач жиноят иши тўхтатилган.
Кейинчалик қидирувлар давомида йигитнинг шахси аниқланган. У наманганлик 28 ёшли У.Й. экани маълум бўлган. Йигит Фарғонанинг Бағдод туманида ушланган ва Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига олиб келинган.