Аввалроқ UzAuto Motors автомобилларини олиб кетаётган юк автомашинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида ёзган эдик. Ўзавтосаноат ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Маълум бўлишича, ЙТҲ 24 октябрь куни Бухоро вилояти Газли шаҳрига яқин ҳудудда содир бўлган. MAN автовози 8 та автомобилни Урганчдаги дилерлик марказига олиб кетаётган бўлган. Автовозни икки нафар ҳайдовчи бошқарган.
Автовозга Камаз келиб урилган. Суриштирув натижасида Камаз ҳайдовчиси рулда уҳлаб қолгани маълум бўлган. ЙТҲ натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган. Шикастланган автомобиллар эса мутахассислар томонидан зарари ўрганилади ва шундан сўнг утилизация қилиш учун заводга қайтарилади.
Мавжуд маълумотларга кўра, автовоз 5 та Кобальт ва 3 та Нексия-3 автомобилларини олиб кетаётган бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.