Аввалроқ сайтимизда Сирдарёда фуқаро аёвсиз калтаклангани ҳақида ёзган эдик. Маълум бўлишича, воқеа Янгиер шаҳрида содир бўлган.
Ҳодиса кеча, 10 ноябрь куни соат 13:00ларда содир бўлган. Унда калтак еган йигит 23 ёшли Ҳ. Ж. экани маълум қилинди. У «GRILL BAR» кафесида официант бўлиб ишлайди ва айнан ўша кафе олдида уни 25 ёшли Т. С., 26 ёшли М. Ш. ва 19 ёшли Р. Б. аёвсиз калтаклаган. Можарога йигитларнинг аввалдан келиша олмай юргани сабаб бўлган. Калтакланган Ҳ. Ж. ҳодисадан сўнг шифохонага мурожаат қилган ва унда ўнг қўл кичик бармоғи ёпиқ синиши, иккита тишининг синиб тушиши, танасининг кўплаб қизаргани, сидирилган жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.