Сурхондарёдаги ЙТҲда прокуратура ходимлари вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса шу йил 7 ноябрь куни соат 21:30 ларда Термиз туманида содир бўлган. Ўша куни вилоят прокуратураси ҳайдовчиси Ў.Каттаев бошқарувчидаги хизмат автомашинаси ЙТҲга учраган. Автомашинаэҳтиётсизлик оқибатида ҳаракатланиб келаётган резерв тепловоз билан тўқнашиб кетган. Натижада автомобиль ҳайдовчиси Ў.Каттаев ва вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Б.Эргашев ҳодиса жойида вафот этган. Вилоят прокурори ўринбосари Х.Куллиев тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Маълум қилинишича, улар Термиз туманидан Термиз шаҳрига ҳаракатланиб келаётган бўлган. Ҳодиса юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.