Андижон вилояти Пахтаобод туманида вояга етмаган, 16 ёшли қиз кўшниси томонидан мунтазам зўрлаб келинган. Бу ҳақда Спутник нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, туманда яшовчи ақли заиф, II-гуруҳ ногирони бўлган 16 ёшли қиз 65 ёшли қўшниси томонидан зўрлаб келинган. Қизнинг онасининг айтишича, эркак қизининг айнан ақлан заифлигидан фойдаланган ҳолда ушбу ишга қўл урган. Эркак қизга жинсий алоқа қилиш “бахтли ҳаёт” эканини айтиб, унга шуни доим уқтириб келган. Шунингдек, жинсий алоқа вақтидаги оғриқларни қолдириш ва ҳомиладор бўлиб қолмаслик учун қандайдир дори ичириб келган ва бўлаётган ишларни онасига айтмаслигини таъкидлаб келган. Эркак қизга аслида бундай иш қилиш бахтли ҳаёт эканини, шу орқали турмушга чиқишини уқтириб келган. Онанинг айтишича, аёл қизига пандемия шароитида уйда ўқисин деб планшет олиб бериб, уни интернетга улаб берган ва кунларнинг бирида қизи планшетда порнографик видео кўриб қолиб онасига: “Бу бахтли ҳаёт, фалончи амаки айтди...” деб айтиб қолган. Аёл шу тариқа қўшнисининг ушбу жирканч ишидан хабар топиб қолган. Шунингдек, она қўшниси унинг ишдалигидан фойдаланиб, михланган деразаларни бузиб кириб, қизини зўрлаб келганини айтмоқда.
Она қизининг оҳирги марта зўрланганидан бир ой ўтиб ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. Лекин жинсий алоқа қизнинг хоҳишига кўра содир бўлган деган важ билан иш тугатилган. Она шу йил 29 сентябрда яна мурожаат қилган. Шундан сўнг 4 ноябрда Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми билан (Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.