Наманган вилоятида 18 ва 23 ёшли йигитлар 16 ёшли қизни ўғирлаб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Ҳодиса шу йил 20 декабрь куни Норин туманида содир бўлган. Йигитлар маст ҳолатда 16 ёшли қизни чақириб, у билан йигитлардан бири севиб қолган бошқа қиз ҳақида гаплашган. Суҳбатдан сўнг йигитлар қизни ўғирлашга қарор қилган ва мажбурлаб Дамасга ўтирғизган.
Қўрқиб кетган қиз юриб кетаётган автомобилдан тушиб қолган. Ҳодисанинг айбдорларидан бири воқеа жойидан қочиб кетган, иккинчиси эса қизни шифохонага олиб борган. Ҳодиса оқибатида қиз олган тан-жароҳатлари сабабли вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Вафот этган қиз Норин туманида дугоналари билан ижарада яшаган. Қизлар ОТМга ўқишга киришга тайёрланаётган бўлган.