Аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида ўқитувчи ўқувчини ургани ҳақида ёзган эдик. Ўша ҳодиса юзасидан шаҳар ХТБ изоҳ берди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 4 февраль куни 41-мактабда содир бўлган. Ўша куни ўқитувчи З. Турдиева 5-соатда 9-“В” синфга биология фанидан дарсга кирган. Дарс вақтида ўқувчи Асадбек Қутбиддинов ўқитувчига ҳалақит берган. У дарсга дафтарсиз кирган, рухсатсиз биринчи қатордан тўртинчи қаторнинг биринчи партасига бориб ўтирган ва унга ўқитувчи 5 мартадан кўп огоҳлантириш берган. Лекин у шунга қарамай дарсга ҳалақит беришда давом этган. Шундан сўнг ўқитувчи Қутбиддиновни доскага чақириб нима сабабдан бундай қилаётганини сўраган. Асадбек эса доскада ҳам тинч турмай, орқасига қараб яна қилиқ қилиб, синфдаги ўқувчиларни кулдирган. Бу орада Турдиеванинг жаҳли чиқиб, ўқувчига мушт туширган. Шу вақтда ўқувчи “Сиз боксёрсиз, яна мушт тушуринг” деб ўқитувчини баттар жаҳлини чиқарган ва ўқитувчи жаҳл устида ўқувчини бир неча марта урган. Дарс тугагач эса ўқувчи Турдиевани масхара қилиб чиқиб кетган. Шундан сўнг Турдиеванинг қон босими кўтарилган ва хонадан 2 соатча чиқмаган.
8 февралда Турдиева яна ўша синфга дарсга кирган ва ўша вақтда ўқувчи қилган ишидан узр сўраган ва улар ўзаро келишиб олишган. Ўқитувчи ҳам болани ургани учун унинг ўзи ва ота онасидан кечирим сўраган.