Тошкент шаҳри патрул пост хизмати шахсий таркиби ҳамда одам савдоси билан ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан 4 февралдан 15 февралга қадар «Орият» тадбирлари ўтказилди. Тадбир давомида 187 нафар фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар қўлга олинди. Бу ҳақда uz24.uz Тошкент шаҳар ИИББ мультмедиа маркази тайёрлаган лавҳага таяниб хабар қилди.
Енгил ҳаёт тарзини ўзларига касб қилиб олган аёллар пул топишнинг осон йўлини танлашган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳалол меҳнат ортидан келадиган маблағ моддий эҳтиёжларига етмайди:
– Пулга қизиқиб, шу йўлга кирдим ...
– Фоҳишалик қилиб осон пул топаман деб ўйлагандим ...
– Бу ишни охири ўлимлигиниям биламан. Ўлганимда ташламасам, ундан олдин ташлолмиман ...
– Ишладим, эплолмадим. Квартирага топсам кийимимга, кийимга топсам еб-ичишимга пул етмасди ...
– Цехда ишлаганман, ойлиги етмаган ...
– Бошқа нима иш қилиб пул топаман, осон йўл биланда ...
– Кўчада қизларни кўряпман, уларга ўхшаб кийингим келади ...
– Ота-онам, ака-укам йўқ ёрдам берадиган. Уйсизман, оилавий шароитим жуда оғир ...
– Мен бола боқишим керак. Ҳам отаман, ҳам онаман боламга ...
– 2-синфда ўқийдиган фарзандим бор, қийналганман ...
Фоҳишаликни касб қилган бу аёллар орасида ҳатто ҳомиладор ҳолатида спиртли ичимлик таъсирида кўчада мижоз қидираётганларни ҳам учратиш мумкин. Ушбу аёлларнинг аксарияти олдин ҳам шу иш билан шуғуллангани боис маъмурий жавобгарликка тортилган, таъкидланади лавҳада.
Хабарингиз бор, 2019 йил бошида қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жариманинг янги миқдори 3 ЭКИҲдан 7 ЭКИҲгача этиб белгиланди (илгари – 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача эди), яъни материал берилган санада 608 190 сўмдан 1 419 110 сўмгача бўлган миқдорни ташкил қилади.
Ундирувдан кейин бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима ҳам оширилди. Бунинг учун 7 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача (илгари – 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача эди), яъни 1 419 110 сўмдан 2 027 300 сўмгача (материал берилган санада) жарима ундирилади. Мазкур ҳолатда ҳуқуқбузарлар 15 суткагача маъмурий қамоққа ҳам олиниши мумкин.
Ўтказилган тадбирлар давомида ички ишлар бўлимларига келтирилган фоҳишаликда гумондор аёллар шахсига аниқлик киритилиб, улар тиббий текширувлардан ўтказилади. Бу аёлларга ишга жойлашиш, турар-жой масаласи, шунингдек, қариндошлари билан юзага келган тушунмовчиликлар юзасидан яраштириш бўйича ёрдам кўрсатилади.