Бизнинг у ердаги ваколатхонамиз фарғоналик усталар томонидан қурилган. Ушбу бино миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида, АҚШ, Япония, Малайзия, Сингапур каби давлатлар элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган.
Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган.
Биринчи қаватда музокаралар, ишбилармонлик ва маданият тадбирларини ўтказишга мўлжалланган “Самарқанд”, “Бухоро”, “Хива”, “Қўқон” заллари жойлашган. Дарвозадан кираверишдаги айвон халқимиз анъаналари ва бой маданиятини акс эттирган.