Каримов фонди томонидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Маккаи мукаррамага қилган Умра зиёратлари, Каъбани тавоф қилиб, Байтуллоҳнинг ичкарисига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан биргаликда ибодат қилиш учун кириб кетаётганлари акс этган видеолавҳаси эълон қилинди. Фонднинг YouTube'даги расмий каналида жойлаштирилган видеолавҳага қуйидагича изоҳ қолдирилган.
"Ушбу виделавҳада Ислом Каримов Маккаи мукаррамага қилган Умра зиёратлари, Каъбани тавоф қилиб, Байтуллоҳнинг ичкарисига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан биргаликда ибодат қилиш учун кириб кетаётганлари акс этган.
Ушбу Умра сафари Ислом Каримовнинг Саудия Арабистонига 1992 йилнинг апрель ойида қилган давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган.
Ўшанда Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Фаҳд бин Абдулазиз Ислом Каримовга Кисва – Каъба ёпинчиғининг бир бўлагини ҳадя қилган эди. Унга тилла ип билан “Оли Имрон” сурасининг 97-ояти ёзилган эди. Кейинчалик Ислом Каримов ушбу табаррук ҳадяни – каъбапўшни Имом Бухорий мажмуаси музейига тақдим этадилар.
Меҳр-мурувват ва хайру-саховат ойи Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин, азиз юртдошлар".