Зокиржон Алматов: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан раҳбарият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган

Зокиржон Алматов: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан раҳбарият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган
ОАВда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг собиқ Ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов билан ташкил этган интервьюси эълон қилинди. Унда журналист З. Алматовдан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хорижга чиқиб кетишига раҳбарият билан келишмовчиликлар сабаб бўлди, деган миш-мишларга ойдинлк киритиш мақсадида унга қуйидагича савол билан мурожаат қилди:

— Яна бир масалага аниқлик киритсак, ўша пайтларда қатор хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда таниқли уламоларга нисбатан ҳам тазйиқлар ўтказилмоқда, масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хорижга чиқиб кетишига раҳбарият билан келишмовчиликлар сабаб бўлди, деган миш-мишлар тарқалганди.

Ўша даврда Ички ишлар вазири сифатида, табиийки, кўп воқеалардан хабардор бўлгансиз. Шу сабабли ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан давлат олий раҳбарияти, аниқроғи, биринчи раҳбар ўртасида зиддият бўлган эди, деган гап қай даражада ҳақиқатга яқинлиги тўғрисида фикрингизни билмоқчи эдик.


З. Алматов: — Юртдошларимизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этилган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди.

Бир мисолни айтай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида совет ҳукумати раҳбариятига мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Айнан шу мисолнинг ўзи ҳам у кишининг ватанпарварлиги, жасоратини кўрсатиб турибди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир умр Ислом дини ҳақиқатларини фидойи бўлиб тарғиб этиб келган, бу мавзуда кўплаб китоблар ёзган, юксак маънавиятли инсон эдилар. Бундай маърифатпарвар, дили пок зот хотираси олдида фақат ҳақиқатни айтиш лозим, албатта. Асоссиз, айниқса, ёлғон аралашган гап-сўзлар у кишининг руҳини безовта қилади, деб ўйлайман.

Яна такрор айтаман: бу улуғ зот нафақат ғоят маърифатли, айни чоғда журъатли инсон бўлган. 1990-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси сифатида минтақада мусулмонларнинг бирдамлигини сақлаш, турли фитна ва гуруҳбозликлар келиб чиқишининг олдини олишда ўткир зеҳн, жасорат билан хизмат қилганлар.

1991-1993 йилларда мамлакатда оғир вазият юзага келган эди. Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ғаламислар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ҳукуматга қарши қўйишга интилиб, турли тартибсизликларни ташкил қилишга уриндилар. «Адолатчилар», «Ислом лашкарлари» деган тўдаларни тузишга ҳаракатлар бўлди. Чаласавод, жоҳил кимсалар тўпланиб олиб, жиноятчиликка қарши курашяпмиз, деган ниқоб билан одамларни ўзлари «суд» қилиб, жисмоний жазо қўллаш ҳолатларини содир этишди. Ана шу қийин вазиятларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳудудларга шахсан ўзлари бориб, аҳоли билан гаплашиб, вазиятни ўнглаш, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш масаласида жуда катта ишларни амалга оширганлар. Шу инсоннинг бевосита ҳаракатлари билан кўп ғалаёнларнинг олди олинди. У кишининг Ислом оламидаги катта обрўси, мамлакатда тинчлик осойишталик ўрнатишдаги беқиёс хизматлари юксак эътирофга лойиқдир.

Ўша даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўртасида зиддиятлар бор, шайхга нисбатан тазйиқ ўтказилаяпти, деган иғво ва бўҳтонлар тарқалган эди. Шу йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган инсон сифатида бир нарсани айтмоқчиман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган.

Кўпчиликка номаълум бир воқеани айтай, 1992 йилнинг охирларида айрим давлатларнинг махсус хизматларидан бизга кетма-кет тезкор хабарлар келиб тушди. Маълум қилинишича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Фарғона водийсининг қайсидир туман ёки шаҳрига борган вақтларида, у кишига нисбатан террорчи гуруҳлар томонидан суиқасд уюштирилиши режалаштирилаётган экан.

Ўша пайтда Биринчи Президентимиз топшириғига биноан ана шу террористик ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор қидирув ишлари амалга оширилди ва табиийки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари давлат ҳимоясига олинди. Аммо ғаламислар ўз ўйинларини давом эттирди. Уларнинг нияти Шайхга суиқасд уюштириб, бу жиноятни Республика раҳбариятига тўнкаш эди. Шу тариқа жамоатчиликни амалдаги раҳбариятга қарши қўйиш, ғавғо чиқариш, уруш оловини ёқиш эди.

Террорчиларнинг айёрлигини, пасткашлигини қаранг, улар Шайхга суиқасд уюштиришдан олдин мамлакат раҳбари билан шайх ўртасида низо чиққан, деган гап тарқатишди. Шундан сўнг шайхни ўлдирмоқчи бўлишди. Агар уларнинг қора нияти амалга ошса, «ана, биз огоҳлантиргандик, бу жиноятни ҳукумат қилди», деб дунёга жар солмоқчи бўлишган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Мен туфайли мамлакатда нотинчлик бўлмасин», деган ниятда мусулмон мамлакатларидан бирида вақтинча яшаб туришга қарор қилдилар, ўзларининг бу фикрларини шахсан менга бир неча маротаба айтганлар...

Шайх ҳазратларининг суюкли укалари Муҳаммадамин ака 1999 йилда менга акалари Ватанга қайтмоқчи эканликларини айтдилар. Мен Шайх ҳазратларининг ниятларини Ислом Абдуғаниевичга етказдим. У киши бу хабарни мамнуният билан қабул қилдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тез орада Ўзбекистонга қайтдилар ва умрларининг охригача илм-маърифат билан шуғулландилар.

Халқимиз, барча мўмин-мусулмонлар учун у кишининг вафотлари улкан йўқотиш бўлди. Минглаб юртдошларимиз Шайх билан видолашувга келди, ўзининг чексиз меҳр-муҳаббатини, ҳурматини билдирди. Ҳозирги кунда ҳам Шайхнинг китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда, инсонларни тўғри йўлдан бошлашга хизмат қилмоқда. Халқимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан то абад фахрланади ва у кишини ҳеч қачон ёддан чиқармайди, бунга ишончимиз комил.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Зокиржон Алматов: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан раҳбарият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган