Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллуд топган кун. Ушбу сана муносабати билан Каримов фонди томонидан Ислом Каримов ва Саид Аҳмад учрашувидан эксклюзив видеолавҳалар намойиш этилди. Унга фонд томонидан қуйидагича изоҳ қолдирилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад бугун табаррук 99 ёшни қаршилаган бўлар эди. Президент Ислом Каримов бу жасур ижодкорни айрича ҳурмат қилар эди. Саид Аҳмад – Сталин қатағони уқубатларини бошдан кечириб, ўз инсонийлигини сақлаб қола билган ёзувчидир. Унинг асарлари ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган.
1999 йили ватан олдидаги хизматлари учун Саид Аҳмадга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Қаҳрамонлик юлдузини адибга Президентнинг шахсан ўзи топширди.
Ислом Каримов ташаббуси билан 2013 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида Саид Аҳмад ва унинг рафиқаси Саида Зуннуноваларнинг ҳайкали барпо этилди.
2015 йили Ўзбекистон миллий кутубхонасида Саид Аҳмаднинг 95 йиллигига бағишланган “Ёзувчи – халқимиз қаҳрамони” номли кўргазма ташкил этилди.