Бош прокуратура томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жиноятларни фош этиш юзасидан тезкор-қидирув ва тергов тадбирларини ташкил этиш бўйича комплекс чоралар кўрилди. Хусусан:
– тизимли равишда тезкор-қидирув фаолиятининг ҳолати, ҳудудлар кесимида жиноятларни фош етиш масалалари муҳокама қилиниб, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг бу борадаги фаолиятига танқидий баҳо берилган ҳисоботлари тингланмоқда;
– Бош прокурор ва ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида жойларда амалий ёрдам кўрсатиш учун Бош прокуратура ва ИИВ ходимлари таркибидан доимий фаолият юритадиган штаб ва ишчи гуруҳлар, шунингдек жиноятларни тезкор фош этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди;
– прокурор ва ИИБ бошлиғининг ҳар бир фош этилмаган жиноят бўйича ҳодиса жойига чиқиш тартиби жорий этилди;
– вилоят прокуратураси аппаратларида жиноят содир этган шахс аниқланмаганлиги муносабати билан тўхтатиш режалаштирилган жиноят ишларини ўрганиш, шунингдек, масъул ходимларнинг тергов ҳаракатлари натижалари ва мазкур жиноят ишлари бўйича тезкор-қидирув тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботларини муҳокама қилиш тартиби жорий этилди;
– тергов-қидирув тадбирларини фаоллаштириш бўйича 13.648 та ёзма кўрсатма ва 21.616 та алоҳида топшириқлар юборилди;
– қидирувда бўлган шахсларнинг қариндошларига ихтиёрий равишда келиш ҳолларида эҳтиёт чорасини ўзгартириш имконияти тўғрисида тушунтириш тадбирлари ўтказилиб, бунинг натижасида қидирувда бўлган 311 та шахс билан алоқа ўрнатилди.
Кўрилган чоралар натижасида:
– жорий йилнинг 5 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятларнинг умумий сони 12.171 тага ёки 30,4% (17.484) га камайди;
– ўтган йиллардаги жиноятларни ҳисобга олган ҳолда, жорий йилнинг 5 ойида 12.179 та фош этилмаган жиноятлар бўйича қонуний қарор қабул қилинди;
– 2018 йилда рўйхатга олинган 3.737 та фош этилмаган жиноятлардан 1.759 таси фош этилди;
– ўтган йилларда жиноят содир этганлик учун қидирилаётган 834 нафар шахс қўлга олинган, 802 та жиноий иш судларга юборилган;
– 2019 йилда рўйхатга олинган 12.171 та жиноятдан 11.906 таси ёки 97,8% фош этилиб, жорий йилда фош қилинмаган жиноятлар сони (265) 2018 йилга (1.026) нисбатан 74,1% га камайди;
– жиноят содир этган 130 нафар шахснинг хорижий давлатлардан экстрадицияси таъминланди;
– жорий йилда содир этилган қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш жиноятларини “иссиқ излар” бўйича ўз вақтида фош этилиши таъминланмоқда;
Жумладан, Қамаши ва Чироқчи туманларида хусусий уйларга ниқобларда кириб, босқинчиликни амалга оширишга дахлдор бўлган 5 нафар шахс қўлга олинди.
Ёки, Бекобод шаҳрида ахлат йиғиш пункти ҳудудида 22.05.2019 йили ўлдирилган фуқаро Р.М.нинг шахси ўрнатилиб, қотиллик фош этилди;
– наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 1.069 та жиноят аниқланди, 258,5 кг. гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди;
– 135 нафар бедарак йўқолган шахсларнинг турар жойи аниқланди, шунингдек 31 нафар номаълум мурданинг шахси ўрнатилди;
– хорижий валюта маблағларининг ноқонуний айланишига оид 312 та факт аниқланди, бу 2018 йилга (187) нисбатан 66,8% га кўпни ташкил қилади.
Йил бошидан буён 2,0 млн. AҚШ долларидан ортиқ, 3,2 млрд. сўм ва 435 млн. сўмга тенг бошқа чет ел валютаси ноқонуний муомаладан чиқарилди.
Бу борадаги ишлар давом этмоқда, дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.