Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда UzReport телеканалига интервью бериш жараёнида журналист кўтариб турган қоғозга қараб гапирган сенатор Сайёра Абдукаримованинг сурати тарқалиб кетган эди. Сенатор нима сабабдан телебошловчининг қўлидага қоғозга қараб интервью берганига ойдинлик киритди, дея хабар қилди Daryo-Live.
«Биринчидан, бу жиддий сиёсий тадбир эди ва катта ҳажмдаги матнни ёдлаб қолиш қийин. Иккинчидан, журналистга мен янги қонун тўғрисида интервью бераётган эдим. Бутун бошли қонунни ўқиб бермайманку, шу сабабли хатога йўл қўймаслик учун матн тайёрлаб қўйгандим. Гап жуда кенг кўламли мавзу ҳақида кетаётган эди ва интервью вақтида 30 дан ортиқ мамлакат номини санаб ўтиш керак бўлган жойи борийди. Мен давлатлар номини санашда ва терминларни айтишда хатоликка йўл қўйишни истамадим.
Айрим терминлар ва жумлаларда қўйилган хатолар халққа нотўғри етиб бориши мумкин. Шу сабабли ўзимнинг хатти-ҳаракатларимни шармандали ва муҳокама қилишга арзийдиган ҳолат деб ҳисобламайман», — дейди сенатор.
Маълумот учун, Сайёра Абдукаримова — Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари.