Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Кабул Дусов Facebook’даги саҳифасига аёллар ва болаларнинг сиёсатга аралашуви мамлакат парокандалигига олиб келиши ҳақида пост қолдиргади.
Депутатнинг ушбу постидан сўнг ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар келиб чиқди. Интернет фойдаланувчиларининг турли гап-сўзларига Дусов қуйидагича жавоб қайтарди:
– Кўпчилик бу гапимни Танзила Норбоеванинг сенат раҳбарлигига келгани билан боғлашмоқда. Лекин бу мутлақо нотўғри. Ёзганларимнинг мамлакатимиз ва давлат раҳбарининг сиёсатига алоқаси йўқ.
Шундан сўнг «Миллий тикланиш» Демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ўзининг Facebook’ида Кабул Дусовнинг фикрига муносабатини билдирди. Бу ҳақда uz24.uz хабар қилди.
– Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Кабул Дусовнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган аёллар ва ёшлар масаласидаги шахсий фикрларини қоралайман.
Эълон қилинган постлар унинг шахсий фикрлари бўлиб, ушбу фикрлар «Миллий тикланиш» демократик партиясининг мақсад ва ғояларига тамоман зиддир.
Партия аёллар ва ёшларни жамиятимизнинг энг фаол қатлами сифатида кўради ва уларга таянади. Тайёрлаш жараёни кетаётган партиянинг сайловолди дастурида аёлларга янада қулайроқ меҳнат ва турмуш шароитлари яратиш, халқнинг дардини чуқурроқ ҳис қиладиган қатлам сифатида партия фаолиятига кенгроқ жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, янги талаблар ва кенг ваколатларга эга бўладиган маҳаллий кенгашларга партия томонидан таклиф этиладиган номзодларнинг тафаккур салоҳияти ва дунёқарашини жиддий таҳлил қилиш ишлари янада кучайтирилади.