Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 25 июндан 26 июнга ўтар кечасидаги кузатув давомида Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтиб кетаётганда, “Туркистон” санъат саройининг олд томонида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлган.
Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида, “табаит кушандалари” диаметри 70-80 сантиметр бўлган 20 та дарахтни кесиш учун “Ягона оина” давлат хизматлари марказидан 61 минг сўм эвазига рухсат олганликларини маълум қилишган. Воқеа жойига тезлик билан Юнусобод туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ИИББ ва прократура мутасаддилари чақирилган.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу ноқонуний ҳаракатга алоқадор гуруҳ қўлга олинган. Прократура назоратида соғлом дарахтларни кесиш бўйича аниқланган ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилаётгани шаҳар ҳокимлиги томонидан маълум қилинди.
Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилиши ҳам таъкидланди.
Пойтахт ҳокимлиги ушбу ҳолат сабаб биз ҳамшаҳарларига яна бир бора мурожаат қилиб, агар шундай вазиятларга гувоҳ бўлсалар, дарахтлар кесиб бўлинганидан сўнг эмас, мазкур ишга тайёргарликни сезишган заҳоти 102 телефон рақами орқали ИИББга ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 71 210 01 63 рақамига қўнғироқ қилишларини сўраб қолган.