Ҳоким ўринбосари журналистга жаҳл устида айтиб юборган ноўрин гапи учун афсусда эканлигини билдирди

Ҳоким ўринбосари журналистга жаҳл устида айтиб юборган ноўрин гапи учун афсусда эканлигини билдирди
Куни кеча сайтимизда "Журналистнинг "нега фуқаролар тезкорлик билан кўчириляпти" деган саволига ҳоким ўринбосари "Сиз Президентнинг қарорига қаршимисиз" деб жавоб берган" мавзуси остида мақола эълон қилинган эди. Ушбу ҳолатдан сўнг Янгийўл тумани ҳокимининг ўринбосари Алишер Усмонов вазиятга ойдинлик киритди. Қуйида ҳоким ўринбосарининг мурожаати тўлиқ келтирилган.

Мен бу вазиятга муносабат билдиришдан аввал бир жиҳатни таъкидлашни истардим. Айни пайтда Янгийўл шаҳрида ўтган асрнинг 60 йилларида қурилган 100 та икки қаватли уй бор. Бу уйларнинг аксарияти жиддий таъмирталаб аҳволда. Куз-қиш мавсумида бу уйларда давомли муаммолар бўлади.

Шаҳар марказидаги «Мезон» МФЙ да жойлашган 103- ва 105-уйлар кейинги пайтларда анча қаровсиз ҳолатга келиб қолган эди. Ўзбекистон Президенти Админстрацияси раҳбари томонидан ўтказилган мажлис баёнига кўра, шаҳар марказининг қиёфасини тубдан ўзгартириш чора-тадбирлари белгиланган. Алоҳида қайд этишни жоиз кўраманки, шаҳримиз жамоатчилиги бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди. Янгийўл шаҳри марказидаги тирбандлик, кўримсиз, пастқам уйлар ўрнини замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос объектлар, кенг, равон кўчалар эгаллаши халқимизни хурсанд қилди.

Биз бу ишни бошлашдан аввал (20 июнь куни) маҳаллада шу уйда истиқомат қилувчи фуқаролар билан суҳбатлашдик. Маслаҳатлашув шаклида ўтган бу суҳбатларда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Қобил Ҳамдамов, Санжар Юсупов, шаҳар ҳокими, унинг ўринбосарлари иштирок этди. Бизда қурилишларни келгуси йил баҳорига кўчириш варианти ҳам бор эди. Аммо халқ билан маслаҳатлашишга қарор қилдик. Негаки, улар шу уйда яшаяпти, муаммо ва масалалар, ёмғирли кунларда томдан оққан чаккилар уларга аён эди. Мазкур уйларда яшовчи 15 нафар оила ҳамда 9 та нотурар жой (савдо-сотиқ объектлари) вакиллари билан масала дўстона руҳда муҳокама қилинди.

Бу маслаҳатларда аҳоли томонидан иккита масала ўртага ташланди.

Худди шу ерга қурилаётган уйлар уларга бериладими?
Янги уйлар битгунча қаерда ва қандай истиқомат қилишади?
Эътиборда тутишларингизни сўрайманки, янги қурилаётган уйларда, аввало мана шу аҳолига, улар ҳозир қандай асосда фойдаланаётган бўлса, шу асосда берилади. Яъни турар жой бўлса, ҳозирда яшаб келаётган хонадонларининг метр квадратига мос равишда янги квартира берилади. Нотурар объект эгалари эса биринчи қаватдан, ўзларига мақбул жойдан савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари учун мўлжалланган жой оладилар. Маълумот учун айтаманки, янги қурилаётган 5 қаватли уйларнинг биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари учун мўлжалланган.

Иккинчи масалага келганда шуни айтиш мумкинки, туман ҳокимлиги аҳолига вақтинча яшаб туриши учун квартиралар топиш, кўчларини элтиш учун техника, агарда ижарага уй олинса, ижара пулини тўлаш каби масалаларда маблағ ажратишини маълум қилди.

Хуллас, бу маслаҳатлашувлар якунида аҳоли вазиятни тушуниб, ўзгаришни ижобий қабул қилиб, вақт ғанимат, қурилишни ҳозироқ бошлаш керак, деган таклифни билдиришди. Сўнгра аҳоли вакиллари билан келишув битими имзоланди. Ҳеч ким норози бўлмади. Ҳеч қандай мажбурлов ёки босим ўтказиш ҳолати ҳам бўлгани йўқ.

Шаҳарнинг бош режасига кўра, яна 11 та эски, 2 қаватли уйлар ўрнида янги 5 қаватли 3 та уй қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ҳам аҳоли билан маслаҳатлашув олиб борилаяпти. Очиқ-ойдин ҳақиқат шуки, одамларни норози қилиб, улар яшаб турган уйлар бузилмайди. Улар вақт кераклигини айтишса, қонунчиликда белгиланган тартибда иш олиб борилади. Юқоридаги вазиятда эса аҳолининг истакларидан келиб чиқиб иш кўрилди – Янгийўл шаҳри ҳокимлиги ҳеч кимни мажбурлаб кўчага ҳайдагани йўқ. Бизда бундай ният йўқ, бўлиши ҳам мумкинмас.

Икки-уч кун муқаддам ўша сайт мухбири мен билан суҳбатлашиш учун келди. Бу вақтда қурилиш объектида эдим. Мен гап орасида бугун интернетда айланиб юрган жумлаларни ишлатиб юборганимдан тонмайман. Негаки, биз янгийўлликлар учун давлатимиз раҳбарининг бу эътибори ниҳоятда қувончли воқеа бўлганини тушунишларингизни истардим. Шу кайфиятда, завқ билан ишларни бошлаб турганимизда, бир журналист келиб, белгиланган тартибни эслатганда, жаҳлим чиқиб, ноўрин гапириб юборганимдан афсусдаман, албатта. Аслида жараённинг моҳияти ва маҳаллий аҳолининг кўп йиллик муаммолари билан таниш бўлган, ўрганган журналист бўлганда, масалани бу тарзда қўймас эди.

Мен ўз ақлим ва қалбимни жонажон Ватаним тараққиётига бахшида қилиб, баҳоли қудрат ишлаб келаяпман. Фаолиятимда хато-камчиликлар бўлгандир, аммо, халқ билан давлатнинг фикри уйғун келган, ўзаро маслаҳат, келишув асосида бошланган мана шу лойиҳада бир ижрочи сифатида қатнашаётганимдан ғурурланаман. Мен севган ва ватан ичидаги кичкина Ватаним бўлган Янгийўлни обод этишимизга халақит берманг, халқимизни севинтирган ишларни бошқача талқин қилманг, дегим келаяпти ҳозир.

Ҳурматли журналистлар ва блогер дўстлар! Ўзингизга қулай вақтда Янгийўл шаҳрига, айнан мана шу объектларга ташриф буюриб, аҳоли билан суҳбатлашишга, бўлаётган ишларни ўз кўзингиз билан кўришга таклиф этаман.

Алишер Усмонов, Янгийўл шаҳри ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари.

Ўхшаш янгиликлар

  1. Sabrina Gayub 15 июл 2019 11:31
    Хурматли хоким бобо! Мен хам мухбирман неча йилдан буйон журналистни нонини еб келаман. Аммо журналистни хам шароитини ургандиларизми?. Йук албатта. Журналистни пули йук аммо корни тук. Айтолмайди дардини халк дарди бн яшайди. Катта катта кимматбахо машина, куша, куша дангиллама уйи йук. Факат халкни юкорига олиб чикиш учун харакат килади. Шундаям калтак уни бошига тушади. Журналист бирор жойдан бир сум пул олса пора булади йоаи каматишади аммо корупция очикчасига аандай булайотганини журналист курса хам чикиб айтолмайди. Нега журналист таъкирланиши керак. Ахир у ахборот олишга ва уни халкка узатишига хакки борку. Нега журналистларга эьтибор кам ?!,, ,,хокимларга нисбатан.,, нега журналистларга давлат томонидан махсус шароити бор уйлар ажратилмаган. Машина ажратилмаган. У хам инсонку? Аксига олгандек обуна масаллари жиддийлашиб кетди. Журналист бола чакасини кандай боксин. Маоши хам етарли эмас уларни. Жахлингиз чикади чунки журналист ниманидир думини босиб олса тамом юкори мансабдорларга йокмиди.
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Ҳоким ўринбосари журналистга жаҳл устида айтиб юборган ноўрин гапи учун афсусда эканлигини билдирди