“Тўртинчи саноат инқилоби”. O'zLiDeP раиси ўринбосари ҳали ҳеч қайси партия эътибор қаратмаган масалани ўртага ташлади

“Тўртинчи саноат инқилоби”. O'zLiDeP раиси ўринбосари ҳали ҳеч қайси партия эътибор қаратмаган масалани ўртага ташлади
Жаҳон иқтисодий форуми бизни нималардан огоҳ этмоқда? Ёки “Тўртинчи саноат инқилоби” концепцияси партия сайловолди дастурига қай даражада дахлдор? O'zLiDeP раиси ўринбосари Бахтиёр Якубов шундай саволлар билан мурожаат қилди. Ушбу масалага бағишланган катта таҳлилий мақола партиянинг расмий сайти www.uzlidep.uzда эълон қилинди. Қуйида уни тўлалигича ҳавола этамиз.

Ушбу мақолани тайёрлашдан олдин баъзи мулоҳазаларга ҳам бордик. Бир қарашда мураккабдек кўринадиган бунақа мавзуда ёзиш қанчалик ўринли? Ҳозир одамларни шундай масала қизиқтирадими? Балки фақат партия экспертлари доирасида муҳокама қилиш, тегишли хулосалар чиқариш кифоядир?

Дунё медиа майдонида бир неча йилдан бери долзарб бўлиб турган мазкур мавзуга шу пайтгача ҳеч бир ижтимоий-сиёсий газета, сиёсий партия ёки таҳлилий марказларимиз етарлича эътибор қаратмагани шундай иккиланишларни туғдирганди. Лекин масаланинг кўлами, ривожланиш суръатларидан келиб чиқиб, ушбу глобал жараёнларнинг эртага Ўзбекистон учун ҳам ижобий ёки салбий роль ўйнаши мумкинлигини ҳисобга олиб, бу борадаги қарашларимизни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишга қарор қилдик. Жамиятда бу борада фикр алмашинувига эришиш мазкур жараёнларга тайёр бўлишимизда муҳим аҳамиятга эга эканлиги аниқ.

Дунёнинг машҳур иқтисодчиларидан бири Клаус Швабнинг “Тўртинчи саноат инқилоби” концепцияси кейинги йилларда кўплаб давлатлар сиёсатчиларию иқтисодчилари, жамиятшунос олимлари орасида кенг муҳокама қилинаётир. Хўш, Клаус Швабнинг ўзи ким? Унинг назарияси нима сабабдан дунё жамоатчилигини бунчалик жунбушга келтирмоқда? Энг асосийси, ушбу ғоя доирасида илгари сурилаётган фикрларнинг Ўзбекистон учун аҳамияти нимадан иборат?

Аввало, Клаус Шваб ва у етакчилик қилаётган “Давос” тўғрисида. Жаҳон иқтисодий форуми (қисқача: жойлашган ҳудуди номи билан машҳур “Давос”) ҳақида эшитмаган одам кам бўлса керак. Дунёнинг етакчи иқтисодчиларидан иборат экспертларни бирлаштирган, ҳар йиллик йиғилишларига кўплаб давлат раҳбарларидан тортиб,сайёрамизнинг машҳур шахсларини жалб этадиган ушбу форум жаҳон иқтисодиётидаги энг муҳим тенденцияларни таҳлил қилиш орқали яқин ва узоқ келажакда дунё мамлакатлари иқтисодиётини кутаётган жараёнлар борасида прогнозлар ишлаб чиқади. Форумнинг йиллик анжуманлари бошланиши билан “Давос” доирасидаги муҳокамалар етакчи давлатларнинг оммавий ахборот воситаларидаги марказий мавзуларга айланиши ҳам бежиз эмас.

Ушбу форумнинг асосчиси, 1971 йили ташкил топганидан буён ҳозирга қадар раҳбари Клаус Шваб “Давос” атрофида жамланган 200 дан ортиқ экспертнинг фикрларини умумлаштириб, “Тўртинчи саноат инқилоби” ва шу билан боғлиқ бошқа асарларини эълон қилган эди. Унинг фикрича, дунё ҳозир ўз тараққиёт йўлида шундай туб ўзгаришлар арафасида турибдики, инсоният ҳаётида худди олдинги учта саноат инқилоби натижасида кузатилгани каби кескин ва кенг қамровли янгиланишлар бўлиши мумкин.

Шу ўринда ўтган учта саноат инқилобига қисқача тўхталсак: Биринчи саноат инқилоби 1760-1840 йилларни қамраб олиб, сув ва буғ энергиясининг ўзлаштирилиши ва шу орқали қўл меҳнатидан механизациялашган ишлаб чиқаришга ўтилиши билан характерланади. Иккинчи саноат инқилоби XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида кузатилиб, электр энергияси ва конвейер усули асосида илгари мисли кўрилмаган ҳодиса – саноатда оммавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланиши билан аҳамиятлидир. Учинчи саноат инқилоби XX асрнинг 60-йилларидан бошланган бўлиб, электрон ва рақамли технологиялар натижасида саноат автоматлашув даражасига кўтарилди.

Ушбу ўзгаришлар нафақат саноат ва иқтисодиётга, балки инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига кескин таъсир қилгани яхши маълум. Улар аҳолининг турмуш тарзига тубдан таъсир кўрсатиб, кечагина ўта муҳим айрим соҳа ва касбларнинг йўқолиб кетишига, ҳатто янги анъана ва удумларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Бундай муҳим паллада дунёқарашини тезда янги замонга мослаштира олмаган миллатлар, модернизация бобида сусткашликка йўл қўйган давлатлар етакчилик мавқеини ўз-ўзидан бошқаларга бўшатиб берганини сезмай қолган. Тўртинчи саноат инқилоби жараёнларида ҳам худди шундай вазият кузатилиши турган гап.

Таҳлилчилар фикрича, Тўртинчи саноат инқилобининг ўзига хос хусусиятлари рақамли, физик ва биологик технологиялар ютуқларини мужассамлаштирган янги технологияларнинг вужудга келиши, рақамли технологиялар ва органик, биологик дунё ўртасидаги чегараларнинг йўқолиб боришида намоён бўлади. Ҳозирданоқ 3D принтери орқали уйларнинг босмадан чиқарилаётгани, ген инженерияси натижасида тиббиётда яратилаётган инсон органлари, саноатни бошқараётган сунъий интеллект ва бошқалар бунга мисол бўла олади. Тўртинчи саноат инқилобини характерловчи, бир қарашда фантастик жараёндек туюлувчи, “...аслида эса кундан-кун ҳаётимизга кириб келаётган хусусиятлар охир-оқибат турмуш тарзимизга, давлат бошқарувидан тортиб жамиятда қарор топган ижтимоий муносабатларгача таъсир кўрсатиш кучига эга”. Буни айни пайтда аксарият давлат раҳбарлари ҳам тан олаётгани, ҳатто қўшни Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ўтган йили парламентга мурожаатини айнан шу сўзлар билан бошлагани бежиз эмас.

Жамиятда долзарб муаммолар етарли бўлиб турган паллада ушбу масалани ҳам кун тартибига қўйиш шартми? “Бу ўзгаришлар ҳали қачон амалга ошади? Эҳтимол, бунинг учун яна бир неча ўн йилликлар керак бўлар? Ҳозир бусиз ҳам қиладиган ишларимиз тиқилиб ётибди-ку!” деган иштибоҳ туғилиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам, ижтимоий тармоқларга қарасак, айни бугунимиз учун долзарб муаммолар жуда кўплаб топилади. “Автомобилларга тонировка зарурми?”, “Машиналар кундуз куни чироғини ёқиб юриши шартми?” каби мавзулар минглаб кишиларнинг бошини бириктирганини, айниқса, бу муҳокамаларда оддий фуқародан тортиб, парламент депутатларигача фаоллигини кўргандан кейин, биз ушбу мақолада кўтараётган масалалар борасида сўз юритишга ҳали эртадек туюлади. Сайловолди палласида сиёсий партия сифатида бундай мавзуларни қўя туриб, ҳозир долзарб бўлиб турган муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш керакмикан, деган ўйга ҳам борасан киши. Тўғри, фуқароларнинг ҳар бир ташвиши сиёсий партияларни ҳам, депутатларни ҳам қийнаши лозим. Лекин кундалик юмушлар қобиғида ўралиб олиб (баъзида кимдир махсус қилмаяптимикин шуни, деб ўйлаб ҳам қоласан), фақат уларнинг муҳокамаси билан чекланиш эртага қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Яқин келажакда кутилажак глобал ўзгаришлар, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, қонунчилигимиздан тортиб, бутун фаолиятимизгача шунга тайёрланиб борилмас экан, тараққиёт карвонидан орқада қолиб кетаверамиз. Эртасини ўйлаган давлатлар ушбу масалаларнинг эшик қоқиб келишини кутиб ўтирмасдан, ҳозирданоқ янги давр лидерларига айланиш учун саъй-ҳаракатни бошлаб юборган. Сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатларнинг муҳим функцияларидан бири бир қарашда узоқ келажакка дахлдордек туюладиган, аслида остонада турган ушбу муаммолардан халқимизни ҳам, давлат органларини ҳам ўз вақтида огоҳ этиш, уларга тайёр бўлиш тадоригини кўришдан иборатдир. Шундагина кўз ўнгимизда тобора бўй кўрсатиб келаётган янги даврга ҳамнафас ҳолда иш юритишга қодир сиёсий кучга айланиш мумкин.

Клаус Шваб жараённи синчковлик билан ўрганар экан, ўз таҳлилларидан чиқарган муҳим хулосаларидан бири сифатида Тўртинчи саноат инқилоби билан боғлиқ жараёнларнинг ниҳоятда катта тезликда амалга ошаётгани ва баъзи йўналишларда ҳаётимизга кириб улгурганини таъкидлайди. Агар биринчи саноат инқилоби ютуқларининг Европадан ташқарига тарқалиши учун 120 йилдан ортиқ вақт керак бўлган бўлса, учинчи саноат инқилобининг тимсоли бўлмиш интернет дунёни қарийб ўн йил ичида қамраб олди. Тўртинчи саноат инқилобининг айрим кўринишлари, бугун кенг оммага маълуму машҳур “Airbnb”, “Uber”, “Alibaba” платформалари тўғрисида бундан бир неча йил олдин камдан-кам одам биларди. 2007 йили бозорда илк бор пайдо бўлган “iРhone” смартфони 2015 йилга келиб икки миллиарддан ортиқ нусхада тарқалган. Мана шуларнинг ўзиёқ Клаус Шваб концепциясида кўтарилган янги давр муаммолари билан ҳозир шуғулланиш керакми ёки келажакка қолдириб турса ҳам бўладими деган саволга жавоб беради.

Яқинда МДҲ мамлакатларидан бирида ҳукумат ва бизнес вакиллари билан ушбу масалаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда ўша давлат раҳбари Тўртинчи саноат инқилоби технологиялари билан шуғулланишга масъул идора раҳбарларига қарата шундай деган: “Келажак технологиялари учун глобал майдондаги кескин рақобат ҳозирнинг ўзида бошланиб кетди. Бунда бизнинг асосий вазифамиз вақтни йўқотиб қўймаслик. Йўналишларга масъул қилиб белгиланган ташкилот раҳбарлари эса шуни билсинки, бугун ҳатто мавзуга, муаммога киришиш, ўрганиш учун ҳам вақт қолмаган. Ҳозирнинг ўзидаёқ мақсадни аниқ белгилаб, улар юзасидан ишларни бошлаш зарур, акс ҳолда, кеч бўлади”.

Демакки, тараққиётдан орқада қолишни истамаган давлатлардан нафақат ўзгаришлар фалсафасини англаш қобилияти, балки уларнинг ҳаётимизга кириб келиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда мобиллик, тезкорлик, кенг кўламли ишларни кечиктирмасдан амалга ошириш талаб қилинади.

Хўш, технологик ўзгаришларга тайёр бўлмаган давлатларни эртага нималар кутади? Дунёқарашидаги, қадриятлар тизимидаги ўзига хосликлар туфайли, қолаверса, иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий сабабларга кўра ушбу технологик янгиликларни ўз вақтида қабул қила олмаган жамиятлар тараққиётда илгари эгаллаб турганидан ҳам орқада қолиб кетиши тарихий тажрибадан маълум. Клаус Шваб одамни сергаклантирувчи бир фактни келтиради: “Ҳозирда дунё ҳудудининг 17 фоиз қисмида яшовчи аҳоли ҳалигача биринчи саноат инқилоби даврида ҳаёт кечирмоқда. Чунки 1,3 миллиард аҳоли электр энергиясидан фойдаланиш имкониятидан, демакки, у билан боғлиқ технологиялардан фойдаланишдан мосуво. Дунё аҳолисининг 50 фоизга яқини, қарийб 4 миллиард киши эса ҳали иккинчи саноат инқилоби даражасида қолиб кетган давлатларда истиқомат қилади. Замонавий рақамли технологиялар, хусусан, интернет бу мамлакатлар учун ҳали ушалмаган орзу”.

Қайси давлат Тўртинчи саноат инқилоби моҳиятини англаб олиб, катта тезликда кетаётган тараққиёт поездига чиқиб улгурса, ривожланган давлатлар қаторида илгарилаб бораверади. Фурсатни бой берганларнинг эса ўша 17 фоиз ёки 50 фоиз таркибига қўшилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Шу маънода технологик янгиланишларнинг асосий траекторияларини тўғри белгилаб, қайси технологиялар Ўзбекистоннинг инновацион тараққиётига мос келишини аниқлаб, уларни ривожлантириш борасида аниқ дастурларни ишлаб чиқиш зарур.

Дунёнинг етакчи давлатлари, МДҲ ҳамда минтақамиз мамлакатлари тажрибаси нимадан дарак беради? Ушбу муҳим технологик жараёнлар қандай ўзгаришларни келтириб чиқаришини биринчилар қатори англаб етган, шаклланаётган янги дунёда етакчилардан бирига айланиш учун ҳозирданоқ ҳаракатни бошлаган давлат Германия бўлди. 2011 йилдаёқ Ганновер ярмаркасида “Индустрия 4.0” лойиҳасини илгари сурди, саноатини айнан Тўртинчи саноат инқилоби технологиялари асосида модернизациялашга тизимли равишда киришди. Олмонлар бу борадаги ишларни “Intelligent Technical Sistems OstWestfalenLippe” ташкилоти орқали амалга ошириб келмоқда. Германия ишлаб чиқариш соҳасини янги рельсларга ўтказиш мақсадига ҳар йили 40 миллиард евро маблағ йўналтирмоқда.

Европанинг Голландия, Франция, Буюк Британия, Италия, Бельгия каби мамлакатларида ҳам саноатни “Индустрия 4.0” талабларига мослаштириш билан махсус шуғулланувчи, бу борада давлат, бизнес ва фан ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилувчи марказлар ташкил этилган. АҚШда эса ушбу мақсадда дастлаб 2012 йили давлат идоралари, бизнес ва университетларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Ақлли саноат лидерлари коалицияси, 2014 йили “Industrial Internet” консорциуми тузилди. Осиё давлатлари орасида Хитой, Жанубий Корея бу борада алоҳида дастурлар қабул қилган бўлиб, “ақлли” саноатни шакллантириш йўлидан бормоқда.

МДҲ мамлакатларидан Россия Федерациясида 2017 йил февралда “Миллий технологик ташаббус”, унинг доирасида “Илғор ишлаб чиқариш технологиялари” (“Технет”) лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Унга кўра мамлакатда “Индустрия 4.0” талабларига мос келувчи ишлаб чиқариш улушини 1,5 фоизга ошириш мақсад қилиб олинган. Ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан яна бири “Роскосмос” ва “Ростелеком” ташаббуси билан Саноат интернетини ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси тузилиши бўлди. Икки илғор компания имкониятларидан фойдаланиб, саноатнинг турли жабҳаларига рақамли иқтисодиёт элементларини кенгроқ киритишга ҳаракат қилинмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби технологияларининг барча йўналишларида бирданига иш бошлаш мумкин эмаслиги, мамлакатнинг иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиш зарурлиги ҳисобга олинмоқда. Шу боис 2018 йилнинг биринчи ярмида бош вазир ўринбосари

М. Акимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Россия компаниялари тез натижага эришиши мумкин бўлган йўналишларни ўрганиб чиқди. Шу йил 10 июль куни эса Президент бошчилигидаги йиғилишда ҳар бир йўналишни ривожлантириш бўйича масъул корпорация ва ташкилотлар белгилаб олинди. Алоҳида таъкидлаш керакки, жуда катта маблағ ва меҳнат талаб қиладиган мазкур ишларни ҳозирги босқичда давлат улуши иштирокидаги йирик, иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти юқори корпорациялар уддалаши мумкин деб ҳисобланмоқда. Кейинги босқичда эса ушбу инновацион йўналишларга кичик ва ўрта бизнеснинг ҳам интилишини рағбатлантирувчи саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мўлжалланган. Россия Федерацияси “Квант коммуникациялари” (масъул: “Россия темир йўллари”), “Янги материаллар яратиш” ҳамда “Квант ҳисоб-китоблари” (масъул: “Росатом”), “Тақсимланган реестр технологиялари”, “Квант сенсорлари” ҳамда “Торчизиқли симсиз алоқаларнинг янги авлоди” (масъул: “Ростех”), “Симсиз алоқаларнинг янги авлоди” (масъуллар: “Ростех”, “Ростелеком”), “Сунъий интеллект” (масъул: Сбербанк) каби йўналишларни устувор деб белгилаб олди.

Марказий Осиё минтақасидан Қозоғистондагина янги технологик жараёнларга тайёргарлик бошлаб юборилган. Биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг 2018 йилдаги парламентга мурожаати “Тўртинчи саноат инқилоби шароитида ривожланиш учун янги имкониятлар” деб номланиб, дунёда шаклланаётган янги технологик вазиятга мамлакатни мослаштириш учун бажарилиши лозим бўлган ўнта устувор вазифа белгилаб берилган эди. Ҳозирда ушбу йўналишларда инновацион марказлар, хаблар, лабораториялар локомотивлик қилаётганини кўриш мумкин. Астанада бўлиб ўтган “Экспо 2017” асосида фаолият юритаётган Халқаро кўргазма марказининг ҳар бир қавати Қозоғистоннинг Тўртинчи саноат инқилоби технологияларидан қайсиларини ривожлантиришга интилаётганини намойиш қилади.

Ўзбекистонда шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва ривожлантириш истиқболлари. Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш, инновацияларни амалиётга жорий этиш борасида 2017 йилдан бошлаб мутлақо янгича тартибда иш олиб борилмоқда. 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, унинг доирасида амалга оширилган давлат дастури мамлакат иқтисодиётининг етакчи соҳаларига илғор технологияларни татбиқ этиш, жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларига ҳам янгиликлар киритиш борасида муҳим қадам бўлди. Мамлакат раҳбарининг фармон ва қарорлари билан тегишли соҳаларни модернизациялаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши бу йўналишдаги ишларни тизимли асосга қўйишга туртки бўлди.

Ўзбекистон дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати қаторига қўшилишни астойдил мақсад қилган экан, мамлакатни Тўртинчи саноат инқилоби талабларига мослаштириш тақозо этилади. Бунинг учун эса ҳали истиқболда кўплаб вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади.

2018 йилги давлат дастурида инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлашнинг айнан фаол тадбиркорлик билан боғланган ҳолда илгари сурилгани бежиз эмас. Рақамли иқтисодиёт айнан кучли бизнес мавжуд жойда ривожланиши мумкинлиги бугун барчага аён. Демак, ҳам марказда, ҳам ҳудудларда бизнес муҳитини яхшилаб бориш, айниқса, инновацион технологияларни жорий этаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу борада муҳим натижаларга эришишга имкон беради. Айниқса, саноатда хусусий бизнеснинг улушини тизимли равишда ошириб бориш мамлакатни “Индустрия 4.0” шароитига тайёрлашда алоҳида ўринга эга.

Етакчи мамлакатлар янги давр технологиялари орасида ўзига мос йўналишларни танлаб олиб, уларни ривожлантириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида давлат улуши кўп бўлган корпорациялар, ташкилотлар имкониятидан кенг фойдаланмоқда, натижада маҳаллий саноатда “Индустрия 4.0” форматида ишловчи локомотивлар вужудга келтирилмоқда. Мамлакатимизда ҳам квант логистикаси, янги интернет маҳсулотлар, нефт-газ секторига инновацияларни жорий этишга “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзбекнефтгаз” каби йирик ташкилотлар имкониятларини жалб қилиш мумкин. Бой ерости захираларига эга мамлакатимизда ушбу соҳаларга “Инновация 4.0” талабларини татбиқ этишга бундай янгиланишдан манфаатдор Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари масъул қилиб белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон учун “Индустрия 4.0” яратадиган энг катта имкониятлар ҳам, маълум бир хавфлар ҳам инсон омили билан боғлиқдир. Чунки меҳнат ресурсларида интеллектуал салоҳиятнинг роли тобора ошиб бориши ушбу янги давр учун характерли хусусиятлардан ҳисобланади. Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга Ўзбекистоннинг, албатта, бу борада ҳам катта имкониятлари мавжуд. Тўртинчи саноат инқилобида капиталга таянган иқтисодиёт ўрнини “истеъдодлар иқтисодиёти” эгаллай бошлашини ҳисобга олсак (сармоянинг ўзи интеллектуалларга, уларнинг ноу-хауларига интила бошлайди), айнан инсон капиталини кўтаришга устуворлик берилишининг зарурати ойдинлашади. Шу билан бирга, “Индустрия 4.0” туғдирадиган энг катта хавфлардан бири ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларининг рақамлашуви ва автоматлашуви натижасида кўплаб иш ўринлари қисқариб кетишидир. Меҳнатга лаёқатли аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни янги технологик даврда яшаш ва меҳнат қилишга тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон тажрибаси, энг аввало, аҳолининг компьютер саводхонлиги, рақамли технологиялар асосларини билиш даражасини кўтариш лозимлигини кўрсатади. Бу борада Ўзбекистонда муайян натижаларга эришилгани билан қаноатланмай, мазкур йўналишдаги ишларни узлуксиз давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда олий таълимни тубдан ислоҳ этиш, Фанлар академияси тизимини такомиллаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳам мамлакатни янги технологик даврга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда янги олий таълим муассасаларини очиш, замонавий касблар бўйича мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ишларни янада кенгайтириш, албатта, ўз самараси бериши шубҳасиз. Янги технологиялар даври юқори салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёжни тубдан оширади. Ўзбекистонни шу йўналишда бутун Марказий Осиё учун юксак малакали мутахассислар тайёрлаш марказига айлантириш мамлакатимизнинг келажакда “Индустрия 4.0” бўйича минтақа пешқадамлигини қўлга киритишида муҳим омил бўлади. Олий ўқув юртларимизда ҳам Тўртинчи саноат инқилоби технологияларини тадқиқ этиш, ўзимизга мосларини бизнес тузилмалар билан ҳамкорликда ривожлантириш юзасидан етарли салоҳият мавжуд. Ушбу йўналишни ривожлантириш ва пантентларни кўпайтиришга эришишимиз Ўзбекистоннинг янги технологиялар бозорида рақобатбардошлигини кўтаришга хизмат қилади.

Болалар ва ўсмирлар орасида “Индустрия 4.0” йўналишларига қизиқишни оширишга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ҳудудларда ташкил этилаётган коворкинг марказлари, ёшлар ижодиёт уйлари қошида ушбу йўналишдаги фаолиятни кучайтириш зарур. Ёшлар орасида ўтказилаётган танловларда “Стартап” лойиҳаларига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Уларни молиялаштиришни тизимли асосга қўйишда венчур фондларини ташкил этиш, “бизнес фаришталар” тизимини Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйиш, албатта,самарасини беради.

“Индустрия 4.0” доирасида инновацияларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, электроэнергия, айниқса, қайта тикланадиган энергия манбаларини такомиллаштириш, қолаверса, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда жуда катта имкониятлар мавжуд. Фақат бу борада ҳам аниқ мақсадларни белгилаб, қатъий ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлади. Мақсад эса битта – Ўзбекистоннинг минтақада “Индустрия 4.0.” доирасида етакчи мамлакат бўлишига эришиш.

Бугун юртимиз ўз тараққиётининг янги даврини бошлаган бир паллада жамоатчилик томонидан миллий ғоя тўғрисида кўп гапириляпти. Фикримизча, Президентимиз илгари сурган Ўзбекистонни дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати қаторига кўтариш мақсади ҳозир бутун халқимизни умуммақсад йўлида бирлаштиришга қодир ғоядир. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалардан бири юртимизни минтақамизда Тўртинчи саноат инқилоби доирасидаги ўзгаришлар пешқадамига айлантириш ҳисобланади.

O‘zLiDeP сайловолди дастури – ривожланиш дастури, тараққиёт дастури сифатида намоён бўлиши лозим. Юқоридаги фикрлар билан танишган ҳар бир юртдошимиз бугун мамлакатимиз қандай глобал ўзгаришлар арафасида турганини англаши аниқ. Унутмаслик лозимки, жамият ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир қиладиган ушбу янгиланишлар катта имкониятлар билан бирга, ундан кам бўлмаган хавфларни ҳам бошлаб келади. Бунга тайёр бўлишнинг бирдан-бир йўли эса зарур ҳуқуқий, моддий базани янада мустаҳкамлаш, ўзимиз учун мақбул йўналишларда “Индустрия 4.0” технологияларини ривожлантиришга тезда киришишдир. Партиямиз сайловолди дастурида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинмоқда.

Албатта, сайловолди палласида партиялар халқнинг эътиборини қозониш мақсадида айни дамда одамларни ўйлантираётган масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши, популистик йўллар билан бўлса-да кўпроқ овоз тўплаш йўлини тутиши керакдек туюлади. Лекин O‘zLiDeP сиёсий майдонга кирганидан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг истиқболи учун масъулиятни зиммасига олган партия сифатида бугун давлатимиз олдига давр кўндаланг қўяётган муҳим масалаларга эътиборсиз бўлиши мумкин эмас. Ватанимиз равнақига, эртанги кунига дахлдор ушбу муаммоларни халққа тушунарли бўлган шаклда, аниқ таклифлар билан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш лозим. Бу Президентимизнинг партия VIII съездида илгари сурган сайловолди дастури ҳамда 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегиясига таянган ҳолда O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган ривожланиш дастури бўлган бўларди.

Бунинг айнан O‘zLiDeP томонидан илгари сурилишига яна бир муҳим асос партиянинг либерал-демократик платформада ишлаётганидир. Бугун дунё қиёфасини ўзгартираётган янги технологиялар аслида либерал-демократик йўлдан илдамлаётган АҚШ ва Европада дунёга келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу сиёсий платформа ўзи учун устувор деб биладиган очиқлик, тенг имкониятлар, инсон омилига бирламчи эътибор каби жиҳатлар етакчи давлатларнинг тараққиёт чўққиларига эришишига сабаб бўлди. Демак, шу асосда қўйилаётган янги технологик давр талабларини тушуниш, уларга мос ривожланиш дастурини таклиф қилиш бизнинг партия учун имконият даражасидаги ишдир. Қолаверса, бугунги технологик тараққиётга бутун дунёда O‘zLiDeP ўзининг ижтимоий асоси деб билган тадбиркорлар, бизнес вакиллари етакчилик қилаётгани ҳам сир эмас. Шу боис “Янги Ўзбекистон – янги давр технологияларини жорий этаётган, ривожланган 50 та давлат қаторида муносиб ўрнини эгаллашга интилаётган мамлакатдир” фикри асосий шиорларимиздан бири бўлиши, ривожланиш дастури эса бизнинг сайловолди дастуримиз мазмунига айланиши лозим деб биламиз, дейди партия раис ўринбосари.

Ушбу мунозарага чорловчи материал ўзини миллат келажагига дахлдор сезадиган ҳар бир юртдошимизда катта қизиқиш уйғотиши, янгидан-янги фикрларга йўл очишига ишонамиз. Тўртинчи саноат инқилоби жаҳон иқтисодиётидаги муҳим ва мураккаб палла бўлибгина қолмай, мамлакатимиз тараққиётида ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этиши шубҳасиз. Фурсатни бой бермаслик учун эса нафақат фикр-ғояларни, балки саъй-ҳаракатларни ҳам бирлаштириш тақозо этилади. Ушбу йўналишдаги жўяли мулоҳаза ва амалий таклифларингизни газетамиз манзилига ёки муаллифнинг электрон почтаси (byakubov@mail.ru)га юборишингизни сўраймиз, деб қўшимча қилган партия матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

  1. Реалист 22 июл 2019 09:34
    Сиёсий талаблар қўйишга қўрқасизлар а,масалан матбуот эркинлиги,сўз эркинлиги,намойиш эркинлиги.
    Аравани қуруқ обқочишга устасизлар,лекин.Марсга космик кема учиришни таклиф қилганингизда,анча реалроқ бўлар эди.
  2. Nurbek 21 июл 2019 05:09
    Shunday tashabbusni olib chiqayotganingiz uchun Sizga katta rahmat! Juda ham muhim tashabbus. Xalqimizni ushbu masala doirasida ham birlashishiga va qo'llab quvvatlashlariga umid qilib qolamiz.
  3. Юрист 20 июл 2019 21:15
    Жуда оламшумул материал чикибди. Жуда хам мирикиб укидим.
    Шу факат бир савол жуда кизиктираяптида.
    Бу макола муаллифи, партия рахбари уринбосари Бахтиер Екубов иктисод фанлари докторими, еки профессорами? Жуда иктисодий тахлилга бой макола экан. Келгусида албатта илимий ишларда фойдаланмокчиман. Шунга аник билмокчи эдим.
  4. Amin 20 июл 2019 19:01
    To'rtinch sanoat inqilobi uchun fikri ojizimcha bosh o'rinda yangi zamon texnika va texnalogiyalari turadi.Bunday texnalogiyalarni barchasini sotib olishni imkoniyati cheklangan.Bu sohada ish olib borayotgan mamlakatlarda esa bu jarayon o'z texnalogiya va innovasiyalariga tayangan..Bizda bu jarayonni avvalambor innovasiyani yanada erkinlashtirish va uni hayotga tadbiq etishni sodda hamda samarali yo'llarini qonun bilan belgilab qo'yishdir.
  5. Ўткир 20 июл 2019 18:36
    Бизлар хам давлат даражасида дархол дастур қабул қилишимиз ва ишга киришишимиз керак буни хатто ўйлаб кўришга хам вақт қомаган
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » “Тўртинчи саноат инқилоби”. O'zLiDeP раиси ўринбосари ҳали ҳеч қайси партия эътибор қаратмаган масалани ўртага ташлади