Хабар қилинганидек кеча, 23 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда Президентимиз соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга тўхталди.
«Янги ишлаб чиқариш қувватларини муҳандислик-коммуникация тизимларига улаш ва қурилишга рухсат олиш жараёнидаги муаммолар сабабли саноат соҳаси, кичик бизнес етарли даражада ривожланмаяпти.
Ўтган олти ой давомида кичик бизнеснинг саноатдаги улуши тушиб кетган. Бундай ҳолат Навоий ва Қашқадарёда ҳам мавжуд. Навоий, Бухор ва Қашқадарёдаги иқтисодий ҳудудларнинг 35 фоизи ташқи коммуникация билан ҳалигача таъминлангани йўқ. Худди шундай Қорақалпоғистонда 6та, Самарқандда 11та, Наманганда 8та, Қашқадарёда 7та, Тошкент вилоятида 3та кичик саноат зоналари электр энергияси, газ, ичимлик суви тармоқлари билан таъминланмаган. Мисол учун, Янгийўл туманидаги кичик саноат зонасида сув тармоғига улаш ишлари охирига етказилмагани ва электр тармоғида узилишлар бўлгани сабабли, тадбиркор ишлаб чиқариш корхонасини беш ярим ой давомида ишга тушира олмаган. Ва бу ҳолатга ҳеч қайси мутасадди эътибор бермаган. Бу қанча солиқ йўқ бўлди, дегани.
Мусаев (Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев) шу тадбиркорга ёрдам бериш учун вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ишлаши керакми? Корхона банкдан кредит олганини ҳам ҳисобга олайлик. Унинг ҳам тўловини қилиш зарур», деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо – лойиҳаларни жойлаштириш учун ер ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, дея хабар қилди "кун.уз".