Кеча, 12 август куни Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда президент кўплаб масалаларга тўхталиб ўтди, дея хабар қилди "Кун.уз".
Селекторда сўзга чиққан Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бу йил пахта яхши бўлаётгани, уни етиштириш учун барча шароитлар яратилаётганини айтди.
«Бу йил пахтада сувдан ҳам, ўғитдан ҳам муаммо бўлмади. Зараркунандалардан тозалаш учун ҳам 14 миллиард сўм олдик», — деди Қашқадарё вилоят ҳокими.
Президент Рўзиевнинг пахта ҳақидаги гапларидан сўнг барча ҳокимларга бу йил пахта теримига бюджет ташкилотлари жалб қилинмаслигини эслатиб ўтди.
«Бу йил пахта [терими]га мактаб, институт — умуман, бирорта бюджет ташкилотлари олиб чиқилмайди, эсларингдан чиқмасин», — деди Шавкат Мирзиёев.