1 ноябрда Россия Либерал демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский Тожикистонга сафари чоғида собиқ Иттифоқ республикалари Россияга ихтиёрий қўшилиши тарафдори эканлигини билдирган. Бу ҳақда Жириновский тожик журналистларига берган интервьюсида айтган, дея хабар тарқатди Turon24 ASIA-Plus нашри маълумотига асосан.
Жириновский 2010 йилда “Россия таркибида Ўрта Осиё федерал округи”ни тузишни таклиф қилган эди. Ушбу чақириғига Душанбеда изоҳ берар экан, “Мен Европа Иттифоқига ўхшаш бирлашув тарафдориман. Мен бугунги кунда фақат 300 миллиондан ортиқ нуфузга эга давлатларгина яшаб қола олишига ишонаман”, деган Жириновский.
ОАВ Владимир Жириновский 2-3 ноябрда Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради деб хабар тарқатган. Хабарларда айтилишича, Жириновский бошчилигидаги ЛДПР вакиллари Тошкент ва Бухорони зиёрат қилади. Бу унинг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади.
Владимир Жириновский Россия ва Марказий Осиёда миллатчилик, хусусан, Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақидаги эпатаж чиқишлари билан машҳур сиёсатчи ҳисобланади. Жириновский Руминия, Болгария, Германия ва Қозоғистонни ҳақоратловчи баёнотларидан кейин айни давлатларда "исталмаган шахс" деб эълон қилинган ва ушбу давлатларга кириш тақиқланган.