Актриса Зарина Низомиддинова «Урюк и клюква» канали учун махсус интервью берди. Ушбу ютюб каналда Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мигрантлари ҳақида подкаст эълон қилинди.
Дастур меҳмонлари орасида ўзбек актрисаси ҳам борлиги маълум бўлди. Интервью давомида Низомиддинова кинога қандай кириб қолгани ҳақида гапирди. Актрисанинг сўзларига кўра, унинг ҳаётидаги энг асосий рол бу “Ромео ва Джульетта”даги бош қаҳрамон ролидир. Актриса ушбу фильмда 16 ёшида суратга тушган ва шундан сўнг у машҳурликка эришган.
Низомиддинова шунингдек, аввалроқ уни 90 фоиз кино муҳлислари яхши кўрганини, лекин ижтимоий тармоқларда фаол бўла бошлагач уни яхши кўрувчилар сони камайганини айтди. Актрисанинг фикрига кўра, кўплаб муҳлислар уни оддий, сипо ўзбек қизи ролида кўриб ўрганиб қолган. Лекин унинг тармоқлардаги суратларини кўргач муҳлислар ҳайратда қолган. Актриса спортзалда тушган суратини инстаграмга жойлагандан сўнг хейтерлар кўпайиб кетган деб ҳисобламоқда. Актриса шунингдек, Ўзбекистонда қизларнинг тарбиясига қаттиқ турилишини ҳам айтди. У бошловчиларга Ўзбекистонда актрисалар енгил кийинган суратларни тармоққа жойласа “запрет”га тушишини айтди ва дастур бошловчилари ушбу ҳолатдан лол қолди. Шунингдек, бошловчилар актрисанинг Ўзбекистонда эркаклар аёлларга уй ишларида ёрдам бермаслиги ҳақидаги гапидан ҳам ажабланди.
Подкаст давомида Ўзбекистонлик бошқа шахслар ҳақида ҳам сўз юритилди.