Ҳар қандай жамиятда ҳам буюк давлатнинг барпо этилиши ёшларнинг маънавий тафаккури, дунёқарашининг қандай бўлишига ва қандай тарбия олишига боғлиқ. Таниқли ўзбек педагоги Абдулла Авлоний “Илм инсон учун – ғоят олий ва муқаддас бир фазилат. Зеро, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатларимизни ойна каби кўрсатур” деб ёзган эди. Шундай экан, бошланғич таълим ўқувчисини замон талаблари асосида тарбиялаш умумдавлат аҳамиятига молик масала ҳисобланиб, ҳар қандай жамиятни, оилани ва таълим масканидаги ўқитувчи ва мураббийлар олдига қўйилган муҳим талаб ҳисобланади ҳамда ота-она олдидаги тарбия масъулиятини оширади. Истиқлол мафкурасининг негизида ёш авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, ёшларни миллий ғурур, миллий ифтихор, миллий онг ва ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришни тақозо этади.
Замонавий бошланғич таълим ўқувчисини тарбиялашда мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигида мавжуд ҳолатни таҳлил қилишда муҳимдир. Бошланғич таълимда оила ва мактаб ҳамкорлигини таъминлашга оид адабиётларни ўзлаштириш ва амалиётга жорий қилиш орқали бошланғич таълим ўқувчисини замонга ҳамнафас этиб тарбиялаш, оила ва мактаб ҳамкорлигини ривожлантиришга доир маърифий билим кўникма ва малакаларни тўлдириб бориш мумкин. Дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар жараёнида бошланғич таълим ўқувчиларининг эмоционал барқарорлигини таъминлаш мақсадида маънавий-маърифий соҳаларга доир компетентликни ривожлантириш ҳам муҳимдир.
Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиси маданий қадриятлар асосида мулоқот маданиятини шакллантириши, оила ва мактабда одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилишни ўрганиши керак. Бунинг учун, аввало, маҳалла ва мактабларда ташкил этилган кутубхоналарда фарзанд тарбияси, ота-оналарнинг ҳуқуқ ва бурчлари, маънавий тафаккурни тарбияловчи, инсон маънавиятини шакллантириш каби масалалар тўғрисида сўз юритувчи адабиётлар миқдорини кўпайтириш керак. Ота-оналарнинг аксарияти фарзанд тарбиясига оид билимларга нисбатан бефарқ эканлиги эса асосий муаммодир. Замонавий бошланғич таълимда ота-оналар ролини ошириш мақсадида тажриба-синов олиб бориш учун белгиланган майдонда ота-оналарга ахлоқлилик, оила мустаҳкамлиги, ота-она бирлиги ва намунаси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тушунчаларининг мазмуни ва моҳиятига кенгроқ эътибор бериш лозим.
Инсоннинг ўз-ўзини ва ўзга кишига нисбатан ахлоқийлик, гўзаллик ва диёнат асосида муносабат кашф этиши ғойат катта санъатдир. Оилавий тарбияда худди ана шу хусусиятлар муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, бугунги кун ўқувчисини тарбиялашда оила педагогикасининг инсоний муносабатларда ҳамкорлик қонунлари, бирга яшаш қоидаларини ўрганиш, мактаб ва маҳаллада самимий дўстона алоқалар ўрнатиш учун энг тўғри йўл ва самарали восита оиладан бошланишини кўришимиз мумкин.
Ҳар томонлама мукаммал бошланғич таълим ўқувчисини тарбиялашда халқимиз яшаб турган муҳит, яшаш тарзи, тарихий анъаналар, урф-одатлари, расм-русумлари ва удумлари катта таъсир этиб, миллий ахлоқий тарбия заминида ривожланиб боради. Таълим жараёни ижтимоий ҳодиса сифатида давр тақозоси билан ўзгаради ва янги замонавий технология ва илм-фан ютуқларини жорий этиш орқали сайқалланади.