Бугунги кунда мактабларда ўқитиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий педагогик маҳоратини ривожлантиришда кўплаб педагогик технологиялар ишлаб чиқилган ва улар таълим жараёнида кенг қўлланмоқда. Бу борада қўлланиладиган методик усулларнинг самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш муҳим ҳисобланади. Самарқанд давлат университети физика факультети магистри Гулшан Эгамова “Иқтидорли ўқувчилар мактабларида физикани ўқитишда Блум таксаномиясини қўллаш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари умумий физика кафедраси профессори Облоқул Қувондиқов.
-Ўқувчилар билим, кўникмаларининг қай даражада шаклланганлигини аниқлаш, ўлчаш ва баҳолаш мезонлари ҳозирги вақтда таълим тизимининг долзарб масалаларидан биридир, - дейди тадқиқотчи Гулшан Эгамова. - Физика фани мураккаб бўлиб, аксарият ўқувчилар учун ўзлаштириш қийинчилик туғдиради. Шунинг учун физика фанини ўқитиш методикасига эътибор ортиб бораётганлиги муносабати билан халқ таълим вазирлиги томонидан ўқитувчиларнинг ўқувчиларга чуқурроқ билим беришида янги педагогик технологиялардан фойдаланиш талаб этилмоқда. Блум таксономиясидан бутун жаҳонда ўқув материалларини ва баҳолаш мезонини тайёрлашда кенг қўлланилади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам олий таълим тизимида физикани ўқитишда Блум таксономиясини қўллаш йўлга қўйилмоқда. Эндиликдаги вазифамиз Блум таксономиясини мактаблардаги таълим тизимига хам қўллашдан иборатдир. Шу вазифа юзасидан биз мактабда синфлар кесимида тажриба ўтказишга ҳаракат қилдик. Тажрибаларда 8-синф ўқувчиларининг 3 нафари, 10-синф ўқувчиларининг 4 нафари мавзуларни ўзлаштира олмади. Қолганларининг мавзуларни ўзлаштириши мавзулар кетма-кетлигида ўсиб борди. Тажриба орқали ўқувчиларнинг мавзуларни кетма-кетликда ўзлаштириш даражаси 4% дан 19% гача ошганини кузатдик. Демак, Блум таксономиясини умумий ўрта таълим тизимида қўллаш билан жуда самарали натижаларга эришиш мумкин.
Ҳозирги кунда бутун дунё олимлари таълим тизимимини ривожлантириш, ўқувчиларга билимни турли хил методик ва методологик усуллар орқали етказиш тизимини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Шу ўринда таълим жараёнини тўғри лойиҳалаш, ўқувчилар эгаллаган билимини назорат қилиш ва тўғри баҳолаш, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришида бўшлиқларни аниқлашда, уларни бартараф этишга ва таълим сифатини оширишга пировард натижада рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эришишга хизмат қилади. Таксономиянинг яратилишига таълим жараёнинг режалаштирилаётган натижаларини аниқ мустаҳкамлаш зарурати туртки бўлди. Таълимнинг ҳозирги ислоҳотлари унда қатнашаётган таълим муассаларида фанларни ўқитиш жараёнига Блум таксономиясини қўллаш, унинг таълим сифатига таъсирини аниқлаш, асосда шу таълим сифатини ошириш имкониятини баҳолаш ва таклифлар беришдан иборат.