Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси, бадиий гимнастика бўйича 3 карра Осиё чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Нуринисо Усмонова билан суҳбат
-Нима учун айнан бадиий гимнастикани танлагансиз?
-Бадиий гимнастика қизлар учун энг мос, қулай ва фойдали. Болалигимдан бу спорт турига қизиқишим кучли бўлган. Тўрт ёшлигимдан бошлаб бадиий гимнастика билан шуғулланиб келаман. Бугун нимагаки эришган бўлсам, унда аввало, ота-онам, устозим Елена Асланова, шунингдек, мен таҳсил оладиган Самарқанд давлат университетининг ўрни беқиёс.
Бугунги муваффақиятларимда Самарқанд давлат университетининг ўрни ниҳоятда катта. Тренер сифатида фаолият юритганим учун менга тажриба ва назарий билимлар, болаларга спортни ўргатиш методларини қўллаш, ўргатишда нимадан бошлаш кераклигини билиш зарур. Қолаверса, факультетимиздаги бошқа спортчилар, улар эришаётган ютуқлар мени ҳамиша янги муваффақиятлар сари ҳаракат қилишимда мотивация бериб туради.
Елена Асланова мураббийлиги остида бир қатор ютуқларга эришганман. Кетма-кет етти йил вилоят чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаганман. Йигирма марта Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритдим.
-Энг эсда қоларли ғалабангиз қайси?
-Аслида ҳар бир ғалабам мен учун эсда қоларли ва қадрли. Дастлаб Ўзбекистон чемпиони, кейинги йилларда Осиё чемпиони номига сазовор бўлганим, Ислом бирдамлик ўйинларида кумуш медалини қўлга киритганим ҳамма-ҳаммаси мен учун унутилмас. 2020 йилда муҳтарам Президентимиз қарорига кўра Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Бу воқеа ҳаётимда ўзига хос муҳим ғалаба сифатида муҳрланган.
-Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?
-Албатта бу аламли бўлади, аммо тан олмасдан илож йўқ.
-Спорт сиз учун нима?
-Спорт – мен учун ҳаёт! Ва энг кучлилар қаторига олиб чиқадиган муваффақиятларга эришиш йўли.
-Спортни тарк этиш ҳақида ўйлаган вақтингиз бўлганми?
-13 ёшимда ўсмирлар мусобақасида иштирок этдим. Аммо ўзим кутган муваффақиятга эриша олмадим. Ўшанда ўзимдан хафа бўлиб, спортдан кетмоқчи бўлганман. Ҳаммасини йиғиштириб, икки ҳафта уйда юрганимдан кейин спортсиз ҳеч нарса қилолмаслигимни англаб етдим. Кейин сабр билан тушкунликни енгишга муваффақ бўлдим.
2019 йил Болгарияда ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтганимдан кейин ҳам шундай вазиятга тушиб қолдим. Спортдан буткул совудим. Ҳатто ўзим шуғулланадиган зал ҳам кўзимга ёмон кўриниб кетарди. Кейинги бир неча ой ичида деярли шуғулланмадим. Аммо “Вақт ҳамма нарсага даво,” дейишлари рост экан, бир муддат ўтиб яна севимли касбимга қайтдим.
-Спорт аёл кишига нима бера олади?
-Аввало тартиб-интизом, хулқ ва чиройли қад-қомат.
-Армонингиз борми?
-Спортда деярли барча орзуларимга эришдим. Фақат Олимпиада ўйинларида иштирок этишдан ташқари...
-Сизнингча аёл киши учун таниқли бўлиш муҳимми?
-Мен учун “ҳа”. Чунки, ҳар бир машҳурлик ортида ўша соҳанинг энг зўри ва кучлиси бўлиш ётади.
-Бугунги Ўзбекистонда бадиий гимнастика спорти қай даражада ривожланяпти, деб ўйлайсиз?
-Сўнгги икки-уч йил ичида мамлакатимизда бадиий гимнастика спорт турини ривожлантириш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Ҳар мавсумда янгидан-янги совринли мусобақалар ташкил этилмоқда. Гимнастикачи қизлар шуғулланишлари учун барча шароитлар етарли.
Самарқанд шаҳри шароитидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, гимнастикачилар шуғулланишлари учун қўшимча машғулот заллари қурилса яхши бўларди. Чунки йилдан-йилга гимнастика билан шуғулланишни истовчилар сони кўпайиб бормоқда. Сабаби, ушбу спорт тури болалар учун боғча ёшидан бошлаб фойдали ва хавфсиз спорт туридир. Кўплаб ота-оналар фарзандларини кураш, бокс ва шунга ўхшаш спорт турларига беришдан кўра гимнастикага беришни афзал билади.
-Келажакдаги режаларингиз?
-Эндиги асосий мақсадим ўзимга ўхшаган бадиий гимнастикачи қизларни тарбиялаш. Шогирдлар ўқитувчиларининг изидан боради. Шундай экан, мен ҳамиша шогирдларим ишончига муносиб тренер бўлишга ҳаракат қиламан. Айни пайтда йигирмадан ортиқ шогирдларим бор. Улар орасида вилоят ва республика чемпионати ғолиблари анчагина.
-Фаолиятингиз учун керакли мотивацияни кимдан оласиз?
-Биринчи навбатда ўзим, кейин онам ва устозим.
-Бўлажак гимнастикачиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
-Энг биринчи ўринда мақсад сари тўхтамасдан ҳаракат қилиш керак. Ёш спортчиларда ўзига ишонч ҳисси юқори бўлади ва шунинг учун улар мусобақаларда иштирок этишаётганда албатта ғалаба қозонишига кучли ишонишади. Агар кўзлаган натижаларига эришолмай қолишса, бирданига тушкунликка тушиб қолишади. Бундай вазиятда тезда ўнгланиб, яна ҳаракат қилиш ва ўзига ишонишда давом этиш керак.
-Ота-оналар фарзандларини неча ёшдан бошлаб бадиий гимнастикага беришлари мумкин?
-Юқорида айтганимдек, гимнастика қизлар учун ниҳоятда фойдали спорт тури. Болалар ўртача 3-4 ёшдан бошлаб шуғулланса бўлади. 20-25 ёшга етганларида шуғулланишни тўхтатганлари мақсадга мувофиқ.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди