“Дунёда энг иродали, энг кучли аёл менман...”

“Дунёда энг иродали, энг кучли аёл менман...”
Самарқанд давлат университети математик анализ кафедраси доценти, физика-математика фанлари номзоди Зебинисо Ашурова билан суҳбат

-Илм соҳасини танлашингизга асосий сабаб нима ва ҳозирги кунда қайси мавзуда илмий фаолият олиб боряпсиз?

- Илм соҳасини танлашимга асосий сабаб, аввало ота-онам. Отам-онам ҳам СамДУда ўқишган. Отам математика, онам филология факультетини битирган. Иккаласи ҳам мактабда ишларди. Менинг ота-онам меҳрдан, шукрдан, сабрдан яратилган шахслар бўлган. Уларнинг меҳри сабаб инсонларга меҳр беришни ўргандим. Уларнинг сабри бағрикенгликни, кенг феълликни, уларнинг шукри ҳар қандай дард, синов меҳмон бўлиб келганида, унга чиройли мезбонлик қилишни ўргатди. Ота-онам дунёнинг ғами бошларига қулаганда тоғдек дардларни кемирган, ситамларни сувдек симирган инсон эди. Улар туфайли менда ўқитувчиликка ҳавас уйғонган. Шу қизиқиш сабаб 1974 йилда Самарқанд давлат университетининг механика-математика факультетига ўқишга кирдим. Кейинчалик 1979-1981 йилларда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида функционал анализ кафедраси тадқиқотчиси сифатида илмий фаолиятимни давом эттирдим. Самарқанд давлат университети математик анализ кафедраси ассистенти бўлиб ишладим. Кейин аспирант бўлдим. 1992 йилдан бери математик анализ кафедраси доценти лавозимида ишлаб келмоқдаман.

Қисқасини айтсам, ҳар бир инсоннинг жамиятда тутган ўрни биринчи навбатда келажак авлодга кўрсатган намуна ва ибрати билан ўлчанади десам хато бўлмайди. Аллоҳга шукр, 4 фарзанднинг онаси, 12 неваранинг бувисиман. Икки қизим математика соҳасидан кетган. Катта қизим, физика-математика фанлари номзоди. Кенжа қизим Умида Жўраева ҳозирда Самарқанд давлат университетида фаолият юритади.

-Самарқанд давлат университети билан боғлиқ хотираларингизни ўртоқлашсангиз.

-Талабалик вақтларим тўгараклар, семинарлар, олимлар билан учрашувлар, қизиқарли баҳслар билан ўтган. Абдусамад Абдуғаффоров математик анализ фанидан биринчи дарсдаёқ: “Сиз талаба бўлдингиз, лекин ташқарида қанчадан-қанча болалар буни фақат орзу қилиб қолди. Қанчалик қийин аҳволда қолсангиз ҳам мендан-да қийин аҳволга тушганлар бор, қанчалик осмонга кўтарилсангиз ҳам мендан-да баландроққа кўтарилганлар бор, деб ўзингизни тутишни ўрганинг. Талабалик обрўсини ерга урмасликка ҳаракат қилинг”, деганлари ҳали-ҳали ёдимда.

Академик Саидаҳмад Лақаев, профессор Оқназар Ҳасанов ҳар бир мавзуни чуқурроқ атрофлича , эринмасдан ўргатиб, бизни янги билимларни эгаллашга руҳлантириб туришарди. Эсимда, бир куни физика дарсимизга текширувчилар келишди. Бизга профессор Л.Эшқобилов дарс ўтаётганди. Келганлардан бири “Қайси талабангиз ҳозирнинг ўзида лаборатория ишини яхши бажариб, натижани таҳлил қилиб бера олади? Агар аъло баҳога лойиқ даражада бажарса имтиҳонсиз баҳо қўйиб берилади” деганида ўқитувчимиз мени кўрсатиб, “Қани, қўрқмай жавоб бер” деганди. Устознинг менга билдирган ишончи сабабми, ҳаяжонланмасдан, босиқлик билан ҳамма топшириқларни бажариб, аъло баҳо олганман ўшанда.

Аста-секинлик билан илм-фан оламига кириб келиб, университетда проффесор Шароф Ёрмуҳаммедов бошчилигида илмий ишларимни бошладим. 1991 йилда “Фрагмен-Линделеф типидаги теоремалар” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақият¬ли ҳимоя қилиб, физика - математика фанлари номзоди илмий даражасини олдим. 1997 йилда математик анализ кафедраси доценти илмий унвонига сазовор бўлдим. 1990 йилдан бошлаб хозиргача 100 ортиқ илмий маколалар муаллифиман. 2013 йилда “Функция Карлемана и задача Коши для полигармонических функций” номли монографиям Германиянинг “LAP Ambert Academic Publishing” нашриётида чоп этилди. Самарканд давлат университети нашриётида 30 дан ортиқ ўқув-қўлланмаларим нашр этилган. Улар бугунги кунда талабалар учун асосий ўқув қўлланма сифатида ишлатилади.

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг одамийликларига ҳам таҳсин айтаман. 60 йиллик юбилейимга домлани таклиф қилганман. Тадбир бўлаётган пайт 60 дона чиройли гуллардан ясалган гулдаста олиб келиб қўлимга тутқазишди. Билсам, раҳбаримиз юборган экан. Эътибордан бошим осмонга етди.

-Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?

-Дунёда энг иродали, энг кучли аёл менман, деган фикрда яшаш.
Оиланинг қўллаб қувватлаши.
Сабр-қаноат, иймоннинг бутунлиги, ҳаётнинг барча синов-машаққатларидан, яхши-ёмон кунларидан ҳар бир ёмонликдан ҳам яхшилик қидириб яшаш ва нодонлар устидан кенгфеъллик билан донолик қила олиш.

-Ҳам илмга, ҳам ҳаётдаги аёллик вазифалари: уй, оила, фарзанд тарбиясига бирдай улгуришга кучни қаердан олиш мумкин, бу борада ўқитувчилар, ёш олималарга қандай тавсиялар бера оласиз?

- Биринчи навбатда ўзига ишониши керак деб ўйлайман. Ҳақиқий оқила, олима аёл атрофидаги барча неъматларнинг борига қаноат қилиб, энг асосийси шукр қилиб яшайди.

-Аёл кишига таниқли бўлиш қай даражада керак?

-Аёл киши учун оила, ишлаётган жойидаги ҳурмат-эҳтиром етарли. Таниқли бўлиш шартмас.

-Армонингиз борми?

-Ҳеч кимга айтмаган бир армоним бор. Бу профессорлик унвонини олиш. Аммо фарзандларимнинг камолини кўриб турганим мен учун энг катта бахт.

-Аёл учун берилган энг катта унвон?

-Оналик мақоми.

-Бугунги даражангизга эришиш учун нимадан воз кечгансиз?

-Ҳаётда ҳар бир қадам қўяётганингиз, ҳар бир ишни қилаётганингизда нималарнингдир баҳридан кечасиз. Бу табиий ҳол. Менда ҳам шундай бўлган. Лекин бировга муҳтож бўлмай бошимни баланд кўтариб яшашга ҳаракат қилиб шу даражага эришганман.

-Ҳаётдан излаганларингизни топа олдингизми?

-Маълум бир қисмини.

-Ўтган умрингизни суратда тасвирлаш керак бўлса унда қандай ранглар бўлади?

-Барча камалак ранглари.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

  1. Рустам 7 сентябр 2022 17:20
    Халқ артистларига проффессор унвони берилаётган бир вақтда нега илм фанга жонини берган бу аёлга проффессор илмий даражасини бериш мумкин эмас?!
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Дунёда энг иродали, энг кучли аёл менман...”