Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Кореянинг BOMI компанияси вице-президенти Сео Жунгҳоон билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов, Ўзбекистоннинг Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳам иштирок этди. Бу ҳақда ЎзАга хабар қилди.
Мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов Жанубий Корея ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболи ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қайд этилишича, мамлакатларимиз ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 170 дан ортиқ ҳужжат имзоланган. Ҳамкорлик деярли барча жабҳаларни қамраб олган. Шунингдек, Ўзбекистонда Жанубий кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси тўлиқ хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган.
Яқин келажакда эса Жанубий Кореянинг BOMI компанияси билан “Tashkent City” ҳудудида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболларига оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди.