Бугунги глобал шароитда геосиёсий зиддиятдан ҳоли бўлган муносабатлар тизими ҳар томонлама зарур. Шунингдек, цивилизациялараро мулоқот, умумий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш замонамизнинг муҳим масаласидир. Саммит доирасида илгари сурилган таклифлар, кўриб чиқилган масалаларнинг ҳар бири замирида ана шундай улуғ мақсад ётибди.
Кенгаш давомида Президентимиз томонидан илгари сурилган ШҲТ доирасида университет ректорлари форумини ташкил қилиш, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш таклифи фан, таълим ва спорт соҳалари учун муҳим ҳодиса бўлди. Айниқса, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида университет ректорлари форумини ташкил этиш орқали университетлар ўртасидаги алоқалар янада кучаяди. Ўйлайманки, ушбу ҳамкорлик университетимизни халқаро Топ-1000 талик рейтингга киритиш бўйича режаларни амалга оширишда ҳам самарали бўлади.
Саммит доирасида имзоланган битим ва келишувлар илмий-техникавий жараёнлар ўртасида фаол алоқаларни жадаллаштириш, қўшма илмий-инвестициявий лойиҳаларни янада кенгайтириш, бу борада ШҲТ аъзолари ўртасида мавжуд имкониятларни бирлаштириш шароитини яратди. Бунда давлатлараро замонавий ишлаб чиқариш тармоғида профессионал малака ва тажриба алмашиш муҳитини шакллантириш орқали халқаро талабларга жавоб бера оладиган, етук кадрлар тайёрлаш, устувор йўналишларда илм-фанга оид рақобатбардош натижаларга эришиш, замонавий ва ривожланган илмий-инновацион муҳит яратиш ҳисобига илмий ютуқлар алмашинувини кенгайтириш имконияти юзага келади.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.