Самарқанд давлат университети

Самарқанд давлат университети
Муҳандислик физикаси институти замонавий биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида СамДУ да муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрловчи Муҳандислик физикаси институтини ташкил этиш белгиланган эди.

Самарқанд давлат университети


Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси: -Ҳозирги кунда мамлакатимизда физика, айниқса муҳандислик физикаси фанларини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Бу борада ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида модернизацион тизимлаштириш ва такомиллаштириш жараёнларини амалга ошириш, муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқиш, Ўзбекистонда физиканинг татбиқий йўналишларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади. Биз Самарқанд давлат университетини Янги Ўзбекистон учун янгича университетга айлантириш сари интилмоқдамиз. Таълим ва илмий тадқиқотларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида, Президентимиз томонидан Самарқанд давлат университети таркибида Муҳандислик физикаси институтини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганди. Ушбу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университети физика факультети негизида Муҳандислик физикаси институти очилди. Бугун биз мазкур институтнинг муҳташам биносини очилиш маросимини ўтказмоқдамиз. Ўйлайманки, мазкур институт Ўзбекистоннинг истиқболдаги ривожланиши учун асос бўладиган янги илмий янгиликларнинг кашф этилишига замин яратади. Бу даргоҳдан дунёни лол қолдирган олимлар етишиб чиққан. Уларнинг ҳақиқий ворисларини тарбиялаш истиқболдаги вазифамиздир...





Рашид Эшбўриев, Муҳандислик физикаси институти ядро-физикаси ва астрономия кафедраси мудири, доцент:
– Бугун Муҳандислик физикаси институти жамоаси ҳаётида унутилмас кун. Бундай салобатли, ҳашаматли, замонавий шарт-шароитларга эга бинода фаолият олиб бориш ҳаммамиз учун катта бахт. Физика факультети тарихи университет ташкил топган илк йилларга бориб тақалади. Ўтган йиллар давомида факультетдан ўн минглаб физик кадрлар етишиб чиқди. Шундай ёшлар ичидан 10 нафари академик даражасига эришди. Юзлаб профессорлар, фан докторлари ва доцентлар илм-фан йўлида фидойилик билан меҳнат қилдилар. Шундай олимлардан академиклар Акбар Отахўжаев, Толиб Мўминов, профессорлар Муса Мўминов, Муҳаммаджон Собиров, Фарид Тухватуллин, Мақсуд Мўминов, Баҳром Маҳмудов, Шароф Файзуллаев, Рустам Аҳмеджанов, Ўктам Ярқулов, Файзулло Ғаниевларнинг хизматларини доимо ёдда сақлашимиз керак. Собиқ физика факультети 1972-73 йилларда қурилиб ишга туширилган бўлиб, биз ярим аср давомида мутлақо шароити йўқ бинода ишлашга мажбур бўлдик. Бир йил ичида бу бино барча замонавий талабларга жавоб бера оладиган қилиб таъмирдан чиқарилди. Ўқув хоналари, ўқув ва илмий лабораториялар тўлиқ қайтадан жиҳозланди, янги асбоб-ускуналар олиб келинди. Бир сўз билан айтганда энди институтимиз жамоаси замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув биноси, замонавий илмий ва ўқув лабораториялари билан янгича кўринишда фаолият юритади...








Абдувоҳид Жумабоев, Муҳандислик физикаси институти оптика ва спектроскопия кафедраси профессори:
-Кейинги йилларда университетимиздаги барча илмий тадқиқот лабораториялари замон талабларига жавоб берадиган энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланди. Яқинда Муҳандислик физикаси институтида “Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовольтаика” номли халқаро конференция ўтказилди. Конференцияда иштирок этган хорижлик олимларнинг институт фаолиятини юқори баҳолаб, бир қатор маслаҳат ва таклифлар берди. Бу каби эътироф ва амалий маслаҳатлар соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг янада ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади, Самарқанд давлат университетининг салоҳиятини, илмий нуфузини дунёга танитишда муҳим рол ўйнайди. СамДУ таркибида Муҳандислик физикаси институти очилганлиги нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро илм-фан ҳамжамияти тарихида муҳим ҳодиса. Чунки, бугунги кунда дунё миқёсида муҳандис физик кадрлар тайёрлашга талаб юқори. Тўғри, собиқ физика факультетида фаннинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам жаҳон тан олган илмий мактаблар бўлган. Институтнинг Муҳандислик физикаси институти номи билан ташкил этилиши эса ушбу илмий мактабларда олиб борилаётган тадқиқотларни бевосита ҳаётга, ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга замин яратади...




Самарқанд давлат университетида янги ташкил этилган Муҳандислик физикаси институтида бугунги кунда 7 таълим йўналиши бўйича 937 бакалавр, 5 таълим йўналиши бўйича 57 магистр таҳсил олмоқда. 8 ихтисослик бўйича 40 докторант тадқиқот олиб бормоқда. Институтда электромагнетизм, оптика ва спектроскопия, молекуляр люминессенсия, лазер физикаси, қаттиқ жисмлар физикаси, ядро физикаси, космик нурлар физикаси илмий мактаблари фаолият кўрсатмоқда.



Институтда 6 кафедра мавжуд бўлиб, умумий илмий салоҳият 74 фоизни ташкил қилади. Мазкур кафедраларда 1 академик, 17 фан докторлари, профессорлар, 35 нафар фан номзодлари, доцентлар ҳамда 16 нафар катта ўқитувчи, ассистентлар ва шу билан биргаликда 10 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради. Улар томонидан 22 ўқув ва 5 илмий лабораториялар: материалшунослик; молекуляр спектроскопия; молекуляр люминессенсия; квант электроника ва ночизиқли оптика илмий лабораторияларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар Муҳандислик физикаси институти 50 га яқин халқаро олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларига эга.

Ирода БЕКМУРОДОВА
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университетида Наврўз сайллари

Самарқанд давлат университетида Наврўз тантаналари эрта тонгдан бошланиб, байрам сайлларига уланиб кетди. Миллий куй-қўшиқлар, бетакрор...
20-03-2024, 10:14

Самарқанд давлат университетида “ХХI аср психологияси: муаммолар, ютуқлар, инновациялар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди…

Халқаро психология фанлари академияси билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда Россия, Қозоғистон, Белоруссия, Озарбайжон давлатларидан 30 га...
16-03-2024, 08:15

Россиялик машҳур физик олим Самарқанд давлат университетида бўлди…

Самарқанд давлат университетига Россия Фанлар академиясининг академиги Владислав Хомич ташриф буюрди. Машҳур физик олим билан Самарқанд...
15-03-2024, 08:13

Самарқанд давлат университети Италиянинг Саленто университети билан ҳамкорлик қилади

Самарқанд давлат университетига Италиянинг Саленто университети ректори Фабио Поллисе бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали...
14-03-2024, 08:11

Ҳиндистонлик профессор Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатмоқда…

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ҳиндистонлик...
10-03-2024, 08:09
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Самарқанд давлат университети