— Воажаб! — дебди у. — «Уч полосали» йўлнинг икки томони тўла «Damas»! Бунинг устига, тўқсон тўққиз фоизи оқ рангда. Асака билан Хоразмда ишлаб чиқарилган «Damas» машиналари фақат наманганликларга сотилган, шекилли...
Таниқли сўз усталаридан бирининг юқоридаги латифаси замирида «билса ҳазил, билмаса чин» маъносидаги ҳақиқат яширин. Зеро, ҳозирга қадар «Наманган метроси» деган эътирофга сазовор бўлган мазкур транспорт воситаси шарофати билан вилоят марказида йўловчи ташиш муаммоси ижобий ечим топаётган эди. Эндиликда «Damas» автомобиллари Наманган шаҳрининг белгиланган кўчаларида соат 7:00 дан кеч соат 20:00 гача йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмайди. Бундай тартиб йўлларда ортиқча тирбандликлар келиб чиқиши, айрим «Damas»чиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслиги оқибатида кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётгани билан изоҳланмоқда.
Аслида ҳаммаси икки йил аввал бошланганди
Вилоят ҳокимининг 2017 йил 16 мартдаги Наманган шаҳрида транспорт воситалари харакатини тартибга келтириш, тирбандликнинг олдини олиш ҳамда автобусларда йўловчи ташиш тизимини йўлга қўйиш борасида қабул қилган фармойиши асосида вилоят марказидаги Алишер Навоий, Амир Темур ва Бобораҳим Машраб кўчаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган қарийб уч мингга яқин «Damas» русумли транспорт воситалари ҳаракати чекланди ва ушбу кўчаларга боғлиқ бўлган 15 та йўналишга 155 та «Isuzi» автобусларининг мунтазам ҳаракати йўлга қўйилди. Олиб борилган тадбирлар натижасида Наманган шаҳрида йўловчиларга автобус хизмати кўрсатаётган корхоналарнинг молиявий аҳволи яхшиланиб, банк кредитлари ва бошқа қарздорликлар бартараф этилди. Асосийси, кўчаларда қатнов тартибга тушди. Бироқ кўп ўтмай, «Damas»лар яна аста-секинлик билан йўлларни «забт» эта бошлади. Мутасадди идоралар эса ҳоким фармойишини унутгандек, уларга ортиқча эътибор ҳам беришмади, эътироз ҳам билдиришмади. Мана, энди орадан икки йилга яқин вақт ўтганда фармойиш яна мутасаддиларнинг ёдига тушиб қолди.
Бекатда қолган йўловчилар
— Эрталаб Янгиқўрғон туманидан йўловчи олиб келаётган «Damas»лар Наманган шаҳрининг «Курашхона» даҳасида тўхтатилиб, одамлар туширилаётгани ва автомашина ортига қайтарилаётганига гувоҳ бўлдим, — дейди журналист Илҳомжон Мусаев. — Очиғи, уларнинг аксарияти ишга ёки ўқишга шошаётганлар, бир иложисини қилишар, лекин мактаб ўқувчилари «Damas»дан тушгач, қаёққа юришни, қандай транспортга чиқишини билмай, сарсон бўлмоқда. Бу ишга шаҳар ичида қатновчи жамоат транспорти муаммоси ҳал этилмасдан қўл урилган. Яна бир жиҳати: «Damas» эрталаб шаҳаргача камида 7 нафар йўловчини олиб келсаю шаҳарга кираверишда улар машинадан туширилса, энди бу ёғига ушбу йўловчилар 2 та енгил машинага бўлиниб чиқишлари лозим. Чунки иш ёки ўқиш жойларигача борадиган автобус ҳадеганда келавермайди-да.
Хуллас, дастлабки кузатувлар юқоридаги ҳолат йўловчиларга бирмунча қийинчиликлар туғдираётганидан дарак бермоқда.
— Наманган шаҳри марказидаги ташкилотлардан бирида ишлайман, — дейди Уйчи тумани Навоий номидаги маҳалладан Муҳаммаджон Обилов. — Ҳар куни эрталаб туман марказидан ишхонамгача «Damas»да келардим. Эндиликда шаҳарга кирмасдан тушиб, қолган 2-3 километр масофани пиёда босиб ўтишимга тўғри келмоқда. Биринчидан, ушбу йўналишга автобус қўйилмаган, иккинчидан, енгил автомашиналарда шу қисқа масофага ҳам камида 2 минг сўм ҳақ олишади. Энг қизиғи, тумандан шаҳаргача бўлган йўлкира ҳақи камайгани йўқ — «Damas»га аввал қанча тўлаган бўлсак, ҳозир ҳам шунча тўлаяпмиз. Фақат манзилимиз узоқлашгани қолди, холос.
Шу каби эътирозларни яна ўнлаб йўловчилардан эшитдик. Лекин мутасадди идоралар фармойиш талабларини қатъият билан бажаришга киришганлар.
Чеклов барчага эмас...
Айни пайтда Наманган шаҳрининг Ислом Каримов номли ҳамда Мустақиллик кўчалари кесишмалари, Фазо чорраҳаси, Отчопар чорраҳаси, Ислом
Каримов номли ва Жалолиддин Мангуберди номидаги кўчалар кесишмаси, автовокзал чорраҳаси, Амир Темур номидаги ва Ғирвонсой кўчалари кесишмаси, Таксопарк чорраҳаси, Алишер Навоий номли кўчадаги айланма ҳаракат «Шодлик» савдо маркази олдидан, Алишер Навоий кўчасидаги айланма ҳаракат Тўрақўрғон кўчаси бошидан ва бошқа бир қанчалар кўчалардан «Damas» русумли машиналарнинг кириши чекланмоқда.
— Шу муносабат билан ИИБ ЙҲХБ, ЙПХ ходимлари, давлат солиқ инспекцияси, Транспорт бошқармаси, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган, — дейди вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуғаффор Бекзаматов. — Шу ўринда айтиш лозимки, ўрнатилган чеклов «Damas» русумли 101-, 102-, 103-, 104-, 105-йўналишлар ва бошқа идоралар, ташкилотларнинг махсус транспорт воситаларига, шунингдек, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмаётган, шаҳар марказида яшаётган «Damas» ҳайдовчилари ёки юк ташиш билан машғул бўлган шундай русумдаги автомашина ҳайдовчиларига татбиқ этилмайди.
Хулоса ўрнида
Сир эмас, хусусий ташувчилар орасида «Damas» ўзининг иқтисодий тежамкорлиги билан машҳур. Аммо бу турдаги транспорт воситаси йўловчилар ташиш учун жуда ноқулай ҳисобланиб, фавқулодда вазиятларда хавфсиз эмаслиги ойдинлашган. Маълум бўлишича, шу кунларда бир қатор хусусий фирмалар ташаббуси билан Наманганда Хитой ҳамда Россияда ишлаб чиқарилган янги русумдаги микроавтобуслар йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади. Синовдан яхши ўтса, бундай уловлар сони кўпайиши кутилмоқда. Дастлабки таассуротларга кўра, ушбу замонавий микроавтобуслар шинам, хавфсиз ва бошқаришга қулайдир. Наманганда юзага келган вазиятни ана шу ўзгаришлар билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас. Энг асосийси, «Damas»лар учун вилоят марказига кириш тақиқи қачонгача давом этади ва қандай самара беради? Буни ҳали вақт кўрсатади.
Манба: Mahalladosh.uz