Тошкент шаҳри Сергели туманида қурилган арзон уй-жойларнинг нархи ошиб кетгани, қурилишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 11 апрель куни мазкур уйларда яшайдиган фуқаролар билан учрашган, уларнинг саволларига жавоб берган. Ушбу сайёр йиғилишда уйларнинг қурилишидаги камчиликларни аниқлаш ва жойининг ўзида бартараф этиш ҳамда уйларнинг нархларини пасайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича иккита комиссия ташкил этилган эди. 1 ойдан сўнг яна фуқаролар билан учрашиб, олиб борилган ишларни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилишга келишиб олинган эди.
Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссия қарийб бир ой давомида уйларнинг нархи масаласини ўрганди, уларни имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди. Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссия қурилишдаги камчиликларни уйма-уй, хонадонма-хонадан юриб ўрганди ва аниқланган камчиликларни қурилиш ташкилотлари билан бирга жойининг ўзида бартараф этиш чораларини кўрди.
Белгиланган барча ишлар сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу уйларда яшовчи фуқаролар, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмиталари фаолларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди.
Кеча Сергели тумани ҳокимлигида туманда барпо этилган арзон кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар, тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, жамоатчилик вакиллари иштирокида комиссияларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев таъкидлашича, республика миқёсида қурилиш материалларининг нархлари таҳлил қилинган, уларнинг каталоги тайёрланиб, давлат томонидан қурилиш ташкилотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзларнинг қўлланилиши ўрганилган, банк маржаси ва суғурта пулини камайтириш бўйича ишлар олиб борилган. 34-уй мисолида уйларнинг нархлари масаласи ҳар томонлама ўрганилган. Натижа уйнинг 1 квадрат метри нархини 3 981 700 (уч миллион тўққиз юз саксон бир минг етти юз) сўмдан 3 253 100 (уч миллион икки юзи эллик уч минг юз сўм) сўмга тушириш ёки 18,3 фоизга арзонлаштириш мумкинлигини кўрсатди. Албатта ушбу уйда яшовчилар учун уйнинг ҳар бир квадрат метри учун 728 600 (етти юз йигирма саккиз минг олти юз) сўм ёнга қолиши ҳақидаги хабарни йиғилганлар катта хурсандчилик билан кутиб олди, дея маълум қилди ЎзА.