Ўзбек маданияти ва санъати оғир жудоликка учради. Бугун 2019 йил 17 май санасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида вафот этди.
Бетакрор санъаткор Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январь куни Хоразмнинг Боғот туманида туғилган - хонанда, Ўзбекистон (1991), Туркманистон ва Қорақалпоғистон (1993) халқ артисти. Урганч мусиқа билим юртини (рубоб синфи бўйича, 1967) ва Тошкент маданият институти (1980)ни тугатган. Миллий ашулачилик йўлларини К.Отаниёзов, шунингдек, А.Отажонов, М.Мирзаев, Г.Раҳимова, О.Иброҳимов ва С.Собировлардан ўрганган. Ўзбек давлат филармонияси, “Лазги” ансамблида хонанда(1968-81), “Лазги” ансамблининг бадиий раҳбари.
Репертуаридан Хоразм мумтоз ашулалари (Феруз I,II, савтлари билан ”Чапандози Сувора”, “Хоразм Дугоҳи” ва б.), куйини ўзи басталаган асарлар (“Зеболаниб келибсиз”, “Она диёрим”, “Хоразм фарзандиман”, “Орол дарди”, “Сенинг кулишларинг”, “Ибияй”, “Бошқача” ва б.), шунингдек, афғон, туркман, озарбайжон, рус, араб қўшиқлари ўрин олган.
Ижролари 2 грампластинка, Ўзбекистон радиоси фонотекасига ёзилган. Ўзбекистон телевидениесида О.Отажонов ҳақида фильм-концерт яратилган. Отажонов Осиё, Европа, Америка, Австралия мамлакатларида гастролда бўлган.
EVERYDAY.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзоларига ва санъаткоримизнинг кўп сонли мухлисларига чуқур таъзия билдиради.