Тошкент шаҳар ИИББ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда автомашиналар ёниб кетаётгани билан боғлиқ видеолар тарқалишига ўз муносабатини билдирди.
Ижтимоий тармоқлар ва мессенджерларда ёнаётган автомобилларнинг суратлари тарқалмоқда. Фойдаланувчиларнинг фикрларига кўра, бунга кундуз вақтида ёритгичларни ёқиб юриш сабаб бўлган. Бу масала кўпларни қийнаб келаётганлиги сабабли Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғланганлиги натижасида қуйидагилар маълум бўлди.
Ўтган 2018-йилда енгил машиналарни ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та ҳолат қайд этилган эди. 2019-йилнинг бошидан эса Тошкентда автомобилларнинг 11 марта ёнганликлари қайд этилди. Булардан икки ҳолатда ёниш – ёқилғи тизими ишдан чиққанлиги сабабли юз берган. Қолган ҳолатларда эса ёнғин қуйидаги русумли автомобилларда электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис содир бўлган: ГАЗ-3102, ГАЗ-2401, Daewoo Matiz, ВАЗ-2109, Hyundai Sonata, Ford Sierra, ГАЗ-2420, Chevrolet Epica, Chevrolet Captiva, Chevrolet Damas (ёнғинга ЙТҲ сабаб бўлган), Chevrolet Cobalt – автомобилнинг мотор қисмида содир бўлган борт компьютер ива аккумуляторни улаб турувчи электр ўтказиш тизимадаги қисқа узилиш сабаб бўлган. Автомобиль ёритгичларига зарар етмаган.
Кеча, 17-май куни соат 16.00 ва 17.00 орлағида Фарход кўчасида қурилаётган ресторан қаршисида содир бўлган «Вольво» русумли автомобилнинг ёнишида, ҳайдовчига ёрдам берган қурувчиларнинг ва бошқа гувоҳларнинг ҳамда ҳайдовчининг ўзининг гапларига кўра мотор қисмидаги муаммолар сабаб бўлган. Шошилинч хизматлар бўлмиш 101 ёки 102 рақамларига у ва гувоҳлар қўнғироқ қилишмаган. Агар ижтимоий тармоқларда тарқалган суратга эътибор билан қаралса, ёритгичларга зарар етмаганини кўриш мумкин.
ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди. Шундай эка нагар сизнинг автомобилингиз «катта ёшда» бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур.
Биз бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram мессенджерида ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз “мутахассис” хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақирамиз, дейилади ИИББ ахборотида.